Маҳаллийлаштириш ва инвестициявий муҳит самараси
  • 20 Июнь 2017

Маҳаллийлаштириш ва инвестициявий муҳит самараси

Муваффақиятга эришиш омилларидан бири, бу — мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланишдир. Шу маънода, бугунги кунда юртимизда ишбилармонлар учун яратиб берилаётган қулай инвестициявий муҳит уларга янги-янги марраларни забт этишда ғайрат-шижоат бағишламоқда. Жумладан, Навоий вилоятида бўш турган иншоотлар ва самарасиз ишлаётган корхоналарнинг ташаббускор тадбиркорларга берилаётгани ҳудудда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар тайёрлаш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашда қўл келаяпти.

Давлат мулкини хусусийлаштиришда қўлланилаётган бу каби имтиёзлар, айниқса, чет эллик сармоядорлар қизиқишини оширмоқда.

Масалан, ушбу тадбир Зарафшон шаҳридаги Навоий кон-металлургия комбинатига қарашли бино ўрнида чет эл инвестицияси иштирокида “Orianna Yarns Textilе” масъулияти чекланган жамияти ташкил этилишига туртки бўлди. Лойиҳа таъсисчилари томонидан 4,5 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилиши эвазига фойдаланишга топширилган корхонада 150 га яқин кишилар доимий иш билан таъминланди.

— Айни пайтда корхонамизда тайёрланаётган калава ипга талаб тобора ортиб бораяпти, — дейди унинг раҳбари Баҳодир Тўлаганов. — Жамоамизнинг аксарияти ёшлардан иборат бўлиб, улар томонидан бир кеча-кундузда 2 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилаётир. Жорий йилда 500 минг АҚШ долларилик маҳсулотимизни чет эллик харидорларга етказиб бериш ниятидамиз.

Қайд этиш керакки, бу йил Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган корхонада қўшимча солиқ ва божхона имтиёзларидан самарали фойдаланилмоқда. Пировардида яқин келажакда жалб қилинадиган 1 миллиард сўмлик инвестиция эвазига тайёр устки кийимлар тикиш ҳам ўзлаштирилади.

— Корхонамиз акриль ип тайёрлаш бўйича юртимиздаги энг йирик саноат субъектларидан бири ҳисобланади, — дейди -жамият иш юритувчиси Дилшода Ҳасанова. — Акрилни бўяшдан тортиб, уни йигириш, пишириш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган. Ҳар бир босқичда маҳсулот сифати лаборатория шароитида пухта текшириб борилади. Бу эса ипнинг сифати халқаро стандартларга мос келишини таъминлайди.

Бўш турган давлат мулки объектларининг инвесторларга бепул тақдим этилиши мулкдорлар сафини янада кенгайтиришга хизмат қилаяпти. Шу боис яқин беш йил мобайнида бу ерга яна қарийб икки миллион долларлик сармоя киритилиб, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни қўллаш тадбирлари изчил давом эттирилади.

Азамат ЗАРИПОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn