Амарант —  ХХI аср кашфиёти
  • 10 Июнь 2017

Амарант —  ХХI аср кашфиёти

Асл ватани Жанубий Америка бўлган ушбу ўсимликдан ўтган асрнинг саксонинчи йилларига қадар озуқа ем сифатида фойдаланилган. Бугунги кунда унинг табобатда ҳам ноёб хусусиятлари борлиги аниқланди.

БМТ томонидан “ХХI аср маданий ўсимлиги” деб эътироф этилган амарантнинг 19 та тури Андижон иқлимида синаб кўрилиб, улардан энг самарадор 5 та нави танлаб олинди. Охирги беш йил давомидаги тажрибалар ушбу ўсимликни етиштириш фермерлар учун юқори даромад манбаи бўлишидан ташқари, чорвачилик, паррандачилик, озиқ-овқат ва фармацевтика саноатида ҳам кенг миқёсда фойдаланиш мумкинлигини кўрсатди.

Амарант таркибида инсон организми учун зарур тўйинмаган ёғ кислотаси ҳамда буғдойга қараганда 4-5 марта кўпроқ кальций моддаси мавжуд. Эндиликда ушбу ноёб ва шифобахш ўсимликни мамлакатимизда етиштириш, экспорт қилиш, ундан турли -соҳаларда фойдаланиш имконияти яратилди. 

 

Унумдорликка хизмат қилади

Тошкент кимё-технология илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан тупроқ таркибида кўп миқдордаги намликни узоқ вақт давомида сақлаш -имкониятини берувчи синтетик полимер — гидрогель яратилди.

Маҳаллий хом ашё асосида тайёрланган гидрогель республикамизнинг сув танқис ва турли даражадаги шўрланган лалми ерларида, бошоқли экинлар экиш, ўрмончилик, чўлларни ўзлаштириш, кўкаламзорлаштиришда кенг кўламда фойдаланишга мўлжалланган. Шунингдек, таклиф этилаётган инновацион ишланмадан нефть-газ саноати, бетон қоришмаларнинг тез қотиши ва туннеллар қурилишида, парфюмерия ҳамда тиббиётда фойдаланиш мумкин.

Ишланма экологик хавфсиз ҳисобланиб, эскирганда парчаланишдан ҳосил бўлган маҳсулотлар тупроқ таркибини бузмайди ва азотли ўғит сифатида ўсимликлар томонидан ўзлаштирилади.

 

Ўтда ёнмас, сувда чўкмас

Пахта ғарамларини ёғингарчилик ҳамда намликдан ҳимоялашда турли воситалар, хусусан, брезентдан фойдаланилади.

Ушбу материаллар шу пайтгача четдан олиб келинарди. Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти Инновация марказида санитар-гигиеник хусусиятлари, таннархи арзонлиги ва бошқа қатор омилларга кўра, хориждан олиб келинаётган брезентга нисбатан қулайроқ мато яратилди. Унга махсус таркибли бирикмалар билан ишлов берилгач, сувни ўзига юқтирмаслик, ёнмаслик ҳамда чиримаслик хусусиятларига эга бўлди.

Пахта толасидан гидроизоляцион брезентлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш республикамиз экспорт салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.

Шамшод ЭРГАШЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар 

агентлиги ахборот хизмати ходими.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn