Имконият, изланиш, самара
  • 10 Июнь 2017

Имконият, изланиш, самара

Ўзбек халқи азалдан меҳнаткашлиги билан маълум. Айниқса, сўлим табиат бағрида, қишлоқларимизда истиқомат қилаётган юртдошларимиз чорвачилик, паррандачилик ва бошқа кўплаб фаолият турлари билан доимий равишда шуғулланиб келишган. Зеро, бу аҳолининг сут, гўшт маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилган. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, мазкур соҳани янада ривожлантириш фойдадан холи эмас.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли топшириқларига асосан, Халқ банки мамлакатимизда чорвачилик соҳасини ривожлантириш масалаларига масъул ҳисобланиб, жорий йилда бу соҳада бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинган.

Бугунги кунда республикамизда қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлари қаторида чорвачилик, хусусан, сут маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва қайта ишлаш саноати ҳам босқичма-босқич ривожланмоқда. Бунда чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани, тармоқ корхоналарининг модернизация қилинаётгани муҳим аҳамият касб этаётир.

Охирги ўн йил мобайнида ҳукуматимиз томонидан соҳада наслдорликни ошириш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида чорвачиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ҳамда фермалар хориждан келтирилган наслдор қорамоллар билан таъминланмоқда.

Шу боис Халқ банки томонидан биргина жорий йилнинг ўзида Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармалари ҳамда “Насл-хизмат” уюшмаси таркибидаги корхоналар иштирокида чорвачилик йўналишидаги ҳар бир хўжалик бўйича алоҳида хўжалик паспорти ишлаб чиқилиб, шакллантирилди.

Пировардида чорвачилик йўналишида аниқланган 6 минг 500 та хўжаликнинг 5 минг 116 тасига банк филиалларида ҳисоб рақамлари очилди. Чорвачилик йўналишидаги 707 та лойиҳага эса 63,6 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилди.

Бундан ташқари, 15 млн. 827 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ конвертация қилиниши эвазига хориждан олиб келинган 1 568 бош наслдор қорамол хўжаликларга тарқатилди. Сут ва жун йўналишида эса четдан 930 бош зотли эчки келтириш учун ишбилармонларга 559,1 минг АҚШ доллари конвертация қилиб берилди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, бугунги кунда вилоятларда йирик лойиҳадаги замонавий чорвачилик комплексларини ташкил қилиш бўйича ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Халқ банки кўмагида барпо этилган Сурхондарё вилоятининг Қизириқ туманидаги 2 минг бош чорва мол боқишга мўлжалланган “Тожинор Шўрчи” хусусий фирмаси, Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидаги минг бош қорамол ҳамда шунча эчки парваришланадиган “Янги аср” фермер хўжалиги ва бошқа кўплаб комплекслар -шулар жумласидандир.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn