Тармоқлараро кооперация алоқалари
  • 08 Июнь 2017

Тармоқлараро кооперация алоқалари

маҳаллий ва хорижий ишлаб чиқарувчиларнинг ўзаро ҳамкорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда

Ўзаро тажриба алмашув ҳамда амалий ҳаракатлар учун қулай муҳит яратилган жойда -тараққиёт бўлади. Республикамизда бир неча йилдан буён анъанавий равишда ўтказиб -келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси, унинг ҳудудий ҳамда -тармоқ босқичлари ишлаб чиқарувчилар учун ана шундай шарт-шароитни муҳайё этаётгани билан аҳамиятлидир.

Шу маънода, Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 20 мартдаги тегишли қарорига асосан, кеча пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида Ҳудудларни комплекс ривожлантириш ва коммунал соҳа, транспорт, капитал қурилиш ва қурилиш индустрияси масалалари ҳамда Геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефть-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекс-ларининг тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўз ишини бошлагани йирик саноат корхоналари, кичик бизнес субъектлари учун айни муддао бўлди.

Айтиш жоизки, мазкур тадбир шу йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтадиган XI Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ташкил этилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад қайта ишланадиган хом ашё, металлар ҳамда бутловчи қисмлар, тайёр товарларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш, тармоқлараро ўзаро кооперация алоқаларини ривожлантириш орқали янги маҳсулотлар тайёрлашни ўзлаштиришга кўмаклашиш, маҳаллий ҳамда хорижий корхоналар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Амалда эса бунга тўлиқ эришилаётир. Мисол учун, ушбу комплексларнинг ўтган йилги тармоқ саноат ярмаркаси доирасида 540 дан ортиқ корхоналар қатнашиб, улар томонидан 3500 дан зиёд турдаги маҳсулотлар намойиш этилган бўлса, шундан 130 дан кўпроғи Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилгани, айниқса, диққатга сазовордир.

Галдаги иқтисодий форумда “Ўзбекнефтгаз”, “Ўзбекистон ҳаво йўллари”, “Ўзмахсусмонтажқурилиш”, “Тошшаҳартрансхизмат” компаниялари, “Ўзбекистон темир йўллари”, “Ўзқурилишматериаллари”, “Ўзкимёсаноат”, “Ўзметкомбинат” акциядорлик -жамиятлари таркибига кирувчи 780 дан зиёд корхоналар, шунингдек, кўплаб тадбиркорлик субъектлари иштирок этаяпти.

Қатнашчиларнинг билдиришича, ушбу тадбир барча учун юқори манфаат келтирмоқда. Буни “Ўзбекнефтгаз” Миллий холдинг компанияси мисолида яққол кўриш мумкин.

Гап шундаки, кейинги йилларда тизимда импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқаришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Пировардида биргина 2016 йилнинг ўзида Маҳаллийлаштириш дастури асосида 36 та лойиҳа рўёбга чиқарилиб, 1 триллион 79,3 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланди. Корхоналарнинг саноат -ярмаркаси ва кооперация биржасида фаол иштироки натижасида эса 1 триллион 812 миллиард сўмлик 884 та шартнома тузилди.

Ярмарка давомида соҳанинг техник ва технологик имкониятлари ҳақида бир қатор тақдимот маросимлари уюштирилади. Бундан ташқари, “Маҳаллийлаштириш — ишлаб чиқариш кооперациясини кенгайтиришнинг муҳим омили” мавзуида махсус семинар ўтказилиши режалаштирилганки, бу ҳам ярмарканинг янада самарали кечишини таъмин-лайди.

— Дарҳақиқат, ярмаркада биз, саноатчиларга ҳамма шарт-шароит яратиб берилмоқда, — дейди “Тошрангметзавод” акциядорлик жамияти вакили Бекзод Юнусов. — Ўтган йили корхонамиз томонидан маҳсулот сотиб олиш учун 29 миллиард сўмлик шартномалар имзолангани фикримиз тасдиғидир. Қолаверса, мазкур тадбир янги маҳсулотларни таништириш учун ҳам муҳим савдо майдонига айланган. Жорий йилда бир қатор янги маҳсулотларимизни кенг омма эътиборига ҳавола этаяпмиз. Шулардан бири саноат аккумуляторларидир. Эътиборлиси, бундай маҳсулот тайёрлашни биз МДҲ мамлакатлари орасида биринчи бўлиб ўзлаштираяпмиз. Бинобарин, у саноат тармоқлари ва телекоммуникация тизимида жуда зарур маҳсулот ҳисобланади. Айни пайтда мазкур лойиҳа асосида Жанубий кореялик ҳамкорлар билан келишувга эришганмиз.

Ярмаркада иштирокчилар музокаралар олиб бориши, манфаатли келишувга эришишлари учун имкониятлар етарли.

Тармоқ саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ғ. Ибрагимов сўзга чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ ва 

Бахтиёр АКРАМОВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn