Эркин иқтисодий зоналар салоҳияти
  • 07 Июнь 2017

Эркин иқтисодий зоналар салоҳияти

Мустақиллик йилларида республикамизда ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий алоқаларни изчил равнақ топтириш борасида амалга оширилган қамровли ишлар натижасида 180 дан зиёд мамлакатлар билан икки томонлама муносабатлар ўрнатилди. Хитой Халқ Республикаси улар орасида алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда давлатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик барча соҳада, жумладан, инвестициялар йўналишида ҳам жадал ривожланиб бормоқда.

Айни пайтда юртимизда яратилган қулай сармоявий ва ишбилармонлик муҳити туфайли Хитойнинг 700 дан зиёд компаниялари мамлакатимизда ўз ваколатхоналарини очган. Нефть-газ соҳасида фаолият юритувчи “CNPC”, кимё саноатининг кўзга кўринган компанияларидан бири бўлмиш “CITIC”, экскаваторлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “XCMG” компаниялари ана шулар жумласидандир.

Айтиш жоизки, 2013 йилнинг март ойида Ўзбекистон — Хитой саноат паркини ишга туширишга оид меморандум доирасида Сирдарё вилоятида филиали бўлган “Жиззах” махсус индустриал зонаси ташкил этилиб, ҳудуд салоҳияти ва ресурсларидан оқилона фойдаланган ҳолда, бу ерда юқори технологияларга асосланган рақобатдош, қўшилган қийматга эга маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўтган йиллар давомида мамлакатимизда ХХР томонидан киритилган инвестициялар ва кредитлар эвазига нефть-газ, кимё, тоғ-кон саноати, АКТ соҳаси, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда йўловчи транспортини ривожлантириш йўналишларида кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинди. Тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этишни кенгайтиришнинг энг муҳим омили сифатида эркин иқтисодий зоналарни изчил ривожлантириш борасида янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан 2016 йил 26 октябрда қабул қилинган “Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини фаоллаштириш ва кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон асосида “Жиззах” махсус индустриал зонаси “Жиззах” эркин иқтисодий зонасига айлантирилиб, унинг иштирокчиларига қўшимча қулайлик ҳамда преференциялар берилди.

Ҳозирги кунда бу ерда Хитойнинг “Wenzhou Jinsheng Trade”, “ZTE”, “Huawei”, “ZTT”, “Juita Sewing Machine”, “Fuan Huari Brake Materials”, “Xinjiang Nixian International” ва бошқа компаниялари самарали иш олиб бораяпти. Улар билан ҳамкорликда смартфонлар, керамик кошинлар, сантехника жиҳозлари, тери ҳамда чарм маҳсулотлари, қуёш коллекторлари, тикув машиналари, телекоммуникация ускуналари ва автомобиль эҳтиёт қисмлари сингари маҳсулотларни ишлаб чиқаришга йўналтирилган бир қатор лойиҳалар амалиётга муваффақиятли жорий этилган. Қолаверса, модем ҳамда кўплаб янги турдаги қурилиш ашёлари тайёрлашга ихтисослаштирилган лойиҳалар ҳам рўёбга чиқарилиш арафасида.

Масалан, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Master Building Products” Ўзбекистон — Хитой қўшма корхонасида айни пайтда аҳоли эҳтиёжи учун зарур бўлган бир қатор маҳсулотлар тайёрлашга киришилмоқда. Йил давомида иссиқ ва совуқ сув учун мўлжалланган 400 минг погон метр полипропилен қувурлар, иситиш тизими учун 200 минг погон метр оддий қувурлар, шунингдек, 5,5 миллион дона фитинг, вентиль ҳамда монтаж деталларини ишлаб чиқариш қувватига эга бўлган ушбу корхонада 60 нафардан зиёд маҳаллий аҳоли меҳнат қилади. Аҳамиятлиси шундаки, уларнинг аксарияти касб-ҳунар коллежларини тамомлаган ёшлардир.

Ўзбекистонда ташкил этилган эркин иқтисодий зоналар хитойлик экспертлар томонидан юксак баҳоланган ҳолда, Хитой Халқ Республикасининг сармоядор-компаниялари қизиқишини тобора оширмоқда. Хусусан, яқинда Хитойнинг етакчи нашри саналмиш “Жэньминь жибао” газетасида “Ўзбекистон саноат зоналарининг улкан салоҳияти” сарлавҳали мақола чоп қилиниб, унда мамлакатимиздаги эркин иқтисодий зоналарда юқори технологияларга асосланган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб -чиқаришни ҳамкорликда ташкил этиш учун хорижлик инвесторларга яратилган қулайлик ва преференциялар муфассал баён қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Хитой Халқ Республикасига амалга оширган давлат ташрифи, жумладан, унинг доирасида Хитойнинг бир қатор етакчи компания ҳамда фирмалари вакиллари билан учрашувлар ўтказилгани иқтисодий соҳада икки томонлама алоқаларни янада ривожлантиришга туртки бериб, савдо-инвестициявий алоқаларни келгусида тобора мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Сергей ЛЕВЧЕНКО,

Ленуре АДИЛШАЕВА.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn