Ташаббус, инвестиция ва ишбилармонлик муҳити ҳудудларда саноатнинг жадал равнақига хизмат қилмоқда
  • 06 Июнь 2017

Ташаббус, инвестиция ва ишбилармонлик муҳити ҳудудларда саноатнинг жадал равнақига хизмат қилмоқда

Бугунги кунда Оролбўйида халқ манфаатларига хизмат қилувчи кўплаб лойиҳалар рўёбга чиқарилмоқда. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил январь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифидан кейин бундай эзгу ишлар янада авж олди.

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикасида 2017 — 2021 йилларда экспортбоп қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни тубдан ривожлантириш дастурида умумий қиймати 2 триллион 156 миллиард сўмлик 212 та янги лойиҳани рўёбга чиқариш, пировардида 4 минг 496 та иш ўрни яратиш кўзда тутилган бўлса, айни пайтда унинг ижросига жиддий киришилди. Яъни ушбу дастур доирасида ҳудудда жорий йилнинг ўзида 207 миллиард сўмлик 110 та инвестициявий лойиҳа рўёбга чиқарилгач, цемент, сўндирилган оҳак, вермикулит, лок-бўёқ каби янги турдаги қурилиш материалларини тайёрлаш ўзлаштирилиши баробарида, тармоқдаги экспорт ҳажми ўтган йилдагига нисбатан 1,5 баробар ортади. Фойдаланилмаётган 40 та норуда қазилма бойликларини ишлатиш асосида эса замонавий корхоналар барпо этилади.

Бундан ташқари, кейинги йилларда Қорақалпоғистон Республикасида кичик бизнесни ривожлантириш ҳисобига ички бозорни янги маҳсулотлар билан бойитишга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти. Масалан, бунинг самараси ўлароқ, Нукус шаҳридаги “Nukus windows profil” масъулияти чекланган жамияти қурилиш бозоридаги ўрнини тобора мустаҳкамламоқда. Чунки бу ерда тайёрланаётган юмшоқ мебель, эшик ва деразалар сифати ҳамда замонавийлиги жиҳатидан харидорлар диққатини тортмоқда.

— Корхонамизда йилига 90 минг дона маҳсулот тайёрлаш имконияти мавжуд, — дейди жамият раҳбари Бердимурат Қалимбетов. — Бунда цехларимизни 2 миллиард сўм миқдоридаги маблағ эвазига хорижнинг илғор ускуналари билан жиҳозлаганимиз қўл келаётир. Ўттиз беш кишидан иборат жамоамизнинг тенг ярми ёшлардан иборат. Ўтган йили улар томонидан буюртмачиларга 330 миллион сўмликдан зиёд уй жиҳозлари етказиб берилди.

Эътибор бор жойда тараққиёт бўлиши аниқ. Оролбўйида фаолият юритаётган ишбилармонлар эришаётган муваффақиятлар замирида айни шу омил муҳим аҳамият касб этаяпти. Бу эса уларни мамлакатимиз равнақи, халқ манфаатлари йўлида астойдил меҳнат қилишга руҳлантирмоқда.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn