Инвесторлар учун кенг имконият
  • 02 Июнь 2017

Инвесторлар учун кенг имконият

иқтисодиётимизга киритилаётган сармоялар ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда

Мамлакатимизда яратилаётган қулай ишбилармонлик муҳити чет эллик бизнес вакиллари қизиқишини тобора оширмоқда. Натижада кўплаб корхоналар ташкил этилиб, уларда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ички ҳамда ташқи бозорга етказиб берилаяпти.

Бу ҳақда кеча пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган Ўзбекистон — Франция бизнес-форумида сўз юритилди.

Таъкидландики, сўнгги пайтларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, мамлакатларимизнинг ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 264,8 миллион АҚШ долларига етгани ана шундан далолат беради. Бу борадаги ишлар келгусида янада ривожлантирилиши, шубҳасиз. Чунки Президентимизнинг жорий йил 31 мартдаги Фармони асосида Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ташкил этилиб, унинг зиммасига айнан чет эллик ишбилармонларни юртимизга жалб қилиш, халқаро молия ташкилотлари билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш каби кўплаб вазифалар юклатилди. Мазкур тадбир ҳам ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

Бизнес-форумда икки давлатнинг банк-молия, энергетика, ахборот технологиялари, қишлоқ ва сув хўжалиги, геология, экология, атроф-муҳит муҳофазаси, транспорт-коммуникация, авиасозлик, қурилиш сингари соҳаларида фаолият юритувчи компания ҳамда фирмалари раҳбарлари, тегишли вазирликлар мутасаддилари иштирок этди. Жумладан, унга Франция томонидан 22 та компания вакиллари ташриф буюрди. Тадбирда меҳмонларга мамлакатимизда инвестициявий ва иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар хусусида батафсил маълумот берилиб, атроф-муҳит, сув ресурслари, ахборот технологиялари, транспорт, логистика, энергетика ҳамда қишлоқ хўжалигига оид ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn