Эркин иқтисодий зоналар — ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим омили
  • 01 Июнь 2017

Эркин иқтисодий зоналар — ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим омили

Мамлакатимиз ҳудудларининг ишлаб чиқариш, ресурс салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланишни таъминлаш, транспорт, муҳандислик-коммуникация ҳамда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш, ишлаб чиқариш жараёнига энг самарали технологияларни кенг татбиқ қилишда эркин иқтисодий зоналарнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс.

Шу боисдан ҳам юртимизда маҳаллий хом ашё ҳамда ишлаб чиқариш захираларидан кенг фойдаланиш, шу аснода эркин иқтисодий зоналарда рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашга катта эътибор қаратилмоқда. Мазкур жараённи ҳуқуқий жиҳатдан кафолатлашда, албатта, соҳага оид қонунчилик муҳим ўрин тутади.

Айни шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, жорий йилнинг 30 май куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси томонидан “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида давра суҳбати ташкил этилди. Унда қатнашган қуйи палата депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси ходимлари, тегишли вазирлик, қўмита ҳамда идоралар, республикада ташкил қилинган барча эркин иқтисодий зона ва саноат корхоналари раҳбарлари Ўзбекистоннинг ишлаб чиқариш ҳамда ресурслар салоҳиятидан комплекс ва самарали фойдаланилишини таъминлашда эркин иқтисодий зоналарнинг роли хусусида атрофлича сўз юритдилар.

Таъкидланганидек, тадбир учун “Ангрен” эркин иқтисодий зонаси бежиз танланмади. Зеро, бу ерда Жанубий Корея, Сингапур, Австрия, Буюк Британия, Болгария каби давлатларнинг етакчи фирма ҳамда компаниялари ҳамкорлигида турли ўлчамдаги мис қувурлар, техник кремний, энергия тежовчи диод лампалар, кўмир брикетлари ва замонавий қурилиш-пардозлаш материаллари ҳамда шакар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган кўплаб корхоналар фаолияти йўлга қўйилган. Шунингдек, шаҳарга электрлаштирилган темир йўл қурилгани, водийга элтувчи автомобиль йўли мавжудлиги, ҳудуднинг марказга яқинлиги ва бу ердан пойтахтга кирмасдан мамлакатимизнинг бошқа манзилларига ўтиш имконияти борлиги сармоядорларнинг мазкур эркин иқтисодий зонага бўлган қизиқишини янада оширмоқда.

Иштирокчилар юртимизда эркин иқтисодий зоналардаги корхоналар томонидан ташқи бозорда талаб юқори бўлган рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлайдиган, минерал хом ашё ресурсларини чуқур қайта ишлаш бўйича янги қувватларни барпо этиш, бунинг учун ҳудудларга чет эл инвестицияларини жалб қилишни кенгайтириш мақсадида хорижлик инвесторларга янги имтиёз ҳамда преференциялар берилаётганлигини ҳам алоҳида қайд этишди.

Жумладан, эркин иқтисодий зонада фаолият кўрсатадиган корхоналарга киритиладиган инвестициялар ҳажмига қараб 3 йилдан 7 йилгача муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қўлланилишидан ташқари, у ердаги корхоналар учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилмоқда.

Бу борада Президентимизнинг жорий йил 12 январдаги “Ургут”, “ўиждувон”, “Қўқон” ва “Ҳазорасп” эркин иқтисодий зоналарини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилаяпти.

Шунингдек, ташкил этилаётган иқтисодий зоналарнинг жадал ривожини таъминлаш учун айрим фойдаланилмаган имконият ҳамда захираларни ишга солиш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Хусусан, депутатлар эркин иқтисодий зоналарнинг хусусиятлари, бериладиган солиқ ва божхона имтиёзлари ҳақида хорижий инвесторларни тўлиқ хабардор қилиш чора-тадбирларини кучайтириш лозимлигига эътибор қаратдилар.

Тадбир давомида қатнашчилар “Ангрен” эркин иқтисодий зонасида фаолият олиб бораётган “Ангрен қувур заводи” унитар корхонаси ҳамда “Ўз-Приста Ресайклинг” қўшма корхонаси фаолияти билан яқиндан танишиш имконига ҳам эга бўлишди.

Давра суҳбатида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.

Раҳматилла ШЕРАЛИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn