Ўзбекистон — Германия бизнес форуми
  • 01 Июнь 2017

Ўзбекистон — Германия бизнес форуми

Пойтахтимизда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Ўзбекистон — Германия бизнес-форуми ташкил этилди. Унда икки мамлакатнинг қишлоқ хўжалиги соҳасига масъул вазирлик ва идоралари, агросаноат учун техника ҳамда технологиялар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган фирма ва компаниялари вакиллари қатнашди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар тобора кенгаймоқда. Чунки Германия бу борада Ўзбекистоннинг Европа минтақасидаги энг йирик ҳамкорларидан бири ҳисобланади. Юртимизда “МАN”, “Claas”, “Lemken”, “Knauf” каби дунёга машҳур немис компаниялари иштирокидаги корхоналарда юк автомобиллари, замонавий қишлоқ хўжалиги техникалари, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилаётгани бунинг яққол тасдиғидир. Пировардида ўтган йил якунларига кўра, икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 520 миллион АҚШ долларидан ошди. Айни пайтда мамлакатимизда Германия сармояси иштирокида 110 дан зиёд корхоналар фаолият юритаётир. Ўзбекистондан эса ушбу мамлакатга мева-сабзавот, тўқимачилик маҳсулотлари, пахта толаси ҳамда мис буюмлар экспорт қилинаяпти, транспорт ва туризм соҳасида хизматлар кўрсатилмоқда.

Тадбир доирасида германиялик меҳмонлар республикамизда сармоядорлар учун яратилаётган имкониятлар билан таништирилди, уларга 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси хусусида батафсил маълумот берилди.

Икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикрлар алмашилди.

Тадбир доирасида, шунингдек, кооперация биржаси ҳам бўлиб ўтди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn