Аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш — асосий мезон
  • 31 Май 2017

Аҳоли тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш — асосий мезон

Олий Мажлис Сенати Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси томонидан “Микрокредитбанк” акциядорлик тижорат банкининг тадбиркорликни ривожлантиришни молиявий қўллаб-қувватлаш ҳамда шу мақсадда аҳоли билан мулоқотни йўлга қўйиш борасидаги фаолияти назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Мазкур парламент назорати тадбири натижаларига бағишланган қўмита мажлисида мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очишга, унинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштиришга, ўз интилиши ва салоҳияти билан маҳсулот ишлаб чиқаришни ният қилган шахсларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани қайд этилди. Бу йўналишда, энг аввало, бозор иқтисодиётининг асоси бўлган хусусий мулк устуворлигини мустаҳкамлайдиган барқарор қонунчилик базаси, уни жадал амалга ошириш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилди. Бугун кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ички бозорни рақобатдош ҳамда сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш, давлат экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли даромадларини ва турмуш фаровонлигини юксалтиришда муҳим омил бўлмоқда. Ушбу йўналишда “Микро-кредитбанк” акциядорлик-тижорат банки томонидан ҳам муайян ишлар олиб борилаяпти.

Хусусан, 2016 йилда “Микрокредитбанк” ҳамда унинг филиаллари томонидан барча молиялаш манбаси ҳисобидан тадбиркорлик субъектларига жами 1 триллион 130 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилган. Натижада қарийб 40 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Айни пайтда банк томонидан ҳар бир оилани тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, айниқса, ишбилармонларга молиявий кўмак ва мадад бериш йўлида тизимли ишлар олиб борилаяпти. Жорий йил 23 мингдан зиёд кишига 143,4 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилди.

Ёшларнинг, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар бериш орқали тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида ўтган йили 66,6 млрд. сўмлик кредит йўналтирилди. 

Шу билан бирга, ўрганишлар давомида банк фаолиятида айрим хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги ҳам аниқланди. Хусусан, “Микрокредитбанк” ҳудудий бўлимлари томонидан аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш учун ажратилган кредит маблағларини бошқа мақсадларга йўналтириш ҳолатлари учрамоқда. Банкнинг аксарият инфратузилма объектлари банкоматлар, инфокиосклар ва бошқа зарур жиҳозлар билан тўлиқ жиҳозланмаган, 3000 нафарга яқин банк мижозлари ҳисоб-китоб терминаллари билан таъминланмаган. Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида банк филиалларининг фаол ҳамкорлиги ўрнатилмаган, тадбиркорлар, шунингдек, ўз бизнесини йўлга қўйиш истагида бўлган ёшлар билан доимий, самарали мулоқот етарли даражада ташкил этилмаган.

Мажлисда хато ва камчиликларни бартараф этиш, банк зиммасига юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш, кўрсатилаётган хизматлар турларини янада кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, ёшларнинг, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш юзасидан қатор таклифу тавсиялар билдирилди.

Муҳокама якунлари бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

Фарида МАҲКАМОВА.

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn