Қишлоқ хўжалигининг илғор ускуналари намойиши
  • 31 Май 2017

Қишлоқ хўжалигининг илғор ускуналари намойиши

“Ўзэкспомарказ” мажмуасида агросаноат комплекси учун замонавий асбоб-ускуналар ва технологияларнинг “Uzbekistan Agrotech Expo — 2017”  ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаси, машиналарининг “Uzbekistan Agromash  Eхpo — 2017” халқаро -ихтисослаштирилган кўргазмалари ўз ишини бошлади. 

Халқаро кўргазмаларнинг очилиш маросимида алоҳида таъкидланганидек, жорий йилнинг 2 июнига қадар давом этадиган мазкур тадбирларнинг соҳа ривожидаги аҳамияти жуда катта. Чунки уларда энг замонавий, жаҳон талабларига жавоб берувчи техника ҳамда ускуналар намойиш этилади. Қолаверса, ушбу форум соҳага хорижий инвестицияларни жалб қилиш, қайта ишловчилар ва ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим омил бўлмоқда. Биргина ўтган йилги кўргазмалар доирасида маҳаллий ва чет эллик ҳамкорлар ўртасида умумий қиймати 329,3 миллиард сўмлик 646 та шартнома имзоланиб, келишувга эришилгани фикримиз тасдиғидир.

Жорий йилги анжуманда эса 72 та маҳаллий корхона билан бирга, Россия, Германия, Туркия, Хитой, Франция, Италия, Бельгия, Жанубий Корея, Чехия сингари 16 мамлакатдан 53 та компания ва фирма вакиллари қатнашмоқда. Улар томонидан намойиш қилинаётган мева-сабзавот, гўшт-сут маҳсулотларини қайта ишлаш ускуналари, чорвачилик, паррандачилик хўжаликлари учун мўлжалланган технологиялар, қишлоқ хўжалиги техникалари, ихчам ва илғор дастгоҳлар барчада катта қизиқиш уйғотаяпти. 

Дарҳақиқат, халқаро кўргазмалар қишлоқ мулкдорлари учун айни муддао бўлди. Кимгадир трактор, бошқасига қайта ишловчи ускуналар керак, яна кимдир иссиқхона ташкил этиш ниятида. Буларнинг барчаси мажмуада мавжуд. Танлаш имконияти юқори. Шунинг учун галдаги тадбирларга фермерлар алоҳида таклиф қилинган. Масалан, дастлабки кунда Тошкент, Сирдарё ва Жиззах вилоятлари фермерлари ташриф буюрган бўлса, бугун Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ҳамда Сурхондарё вилоятлари фермерлари кўргазма фаолияти билан танишиб, зарур шартномаларни имзолашлари мумкин. Қисқаси, кўргазмалар охиригача республикамизнинг барча ҳудудлари ер эгалари ташриф буюриши кўзда тутилган. Энг муҳими, келишув учун ортиқча вақт ҳам, қоғозбозлик ҳам талаб этилмайди. Уларга банк, суғурта, лизинг ташкилотлари шу ернинг ўзида хизмат кўрсатмоқда. Бундан англаш мумкинки, жорий йилда ўн иккинчи бор ўтказилаётган “Uzbekistan Agrotech Expo — 2017”  ва олтинчи бор ташкил этилган “Uzbekistan Agromash  Eхpo — 2017” халқаро кўргазмалари ўтган вақт мобайнида соҳа вакилларининг чинакам тажриба алмашув ҳамда келишув майдонига айланиб улгурди. Қатнашчилар буюртмачилар талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда, ҳар гал  янги ёки янада такомиллаштирилган маҳсулотларини олиб келишмоқда. Мисол учун, “Фаворит Техно” корхонаси таклиф этаётган Италиянинг қандолатчилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган ускуналар турфалиги билан ажралиб турса,  “Lemken Chirchiq” Ўзбекистон — Германия қўшма корхонасининг кичик тракторлари боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослаштирилган фермер хўжаликларига маъқул тушмоқда.  

— Мазкур кўргазмалар туфайли фаолиятимиз тобора кенгаймоқда, — дейди “Milk Tex Profi” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Гўзалхон Оқилова. — Негаки, биз бу ерда асосий ҳамкоримиз — чорвачилик фермаларини лойиҳалашдан тортиб, қуриб, жиҳозлашгача бўлган барча жараённи зиммасига олувчи Германиянинг “Agralis” фирмаси маҳсулотларини кўп маротаба намойиш этиб, бир қатор фермерлар билан ҳамкорлик ўрнатишга муваффақ бўлганмиз. Наманган вилоятидаги “Мусаффо иқлим транс сервис”, Андижон вилоятидаги “Бахт имкон ривож”, Фарғона вилоятидаги “Волида милк” фермер хўжаликлари шулар жумласидандир. 

Халқаро кўргазмалар доирасида, шунингдек, турли тақдимот маросимлари, семинар ва учрашувлар уюштирилиши режалаштирилганки, булар пировардида унинг янада самарали кечишидан далолат беради.

Халқаро кўргазмалар очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, қишлоқ ва сув хўжалиги вазири З. Мирзаев сўзга чиқди. 

Дилшод УЛУFМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn