Йигирма уч миллиард сўмлик шартномалар
  • 27 Май 2017

Йигирма уч миллиард сўмлик шартномалар

ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида имзоланди

Фарғона шаҳрида ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси ўтказилди. Унда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, пойтахт ҳамда бошқа вилоятлар ишбилармонлари, жами 320 та кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти вакиллари ўз маҳсулотлари билан иштирок этди.

Фарғона вилоятидаги “Водий электр созлаш сервис” хусусий корхонаси — шулардан бири. Жорий йилнинг апрель ойида фаолият бошлаган саноат субъектида қисқа муддатда қуёш панеллари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Эътиборлиси, бу ерда тайёрланаётган юқори сифатли муқобил энергия манбалари харидорларга манзур бўлмоқда. 

Ўзбекистон туманининг Юқори дашт қишлоғида жойлашган “Мебель хом ашё” хусусий корхонаси маҳсулотларига эса мебелсозлардан тобора кўпроқ буюртмалар келиб тушаяпти. Негаки, жамоа томонидан Хитой тажрибаси асосида ясалаётган янги турдаги акрил, ЛДСП, ЛМДФ каби мебель хом ашёлари мустаҳкамлиги, фойдаланиш учун қулайлиги ҳамда жилокорлиги билан ажралиб туради. 

— Мазкур тадбирда қатнашиш учун Андижондан келдик, — дейди “Forever Qualitу” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Феруза Мамадалиева. — Корхонамизда эшик-ром, ётоқхона, ошхона, болалар хоналари ва меҳмонхона жиҳозлари тайёрланади. Технологияларимиз илғор ва тежамкор. Айни омил маҳсулот таннархини пасайтириб, сифатини оширишда қўл келмоқда. 

Ярмарка давомида кўрсатиладиган хизматлар, саноатдаги янгиликлар ҳамда истиқболда ишлаб чиқарилиши кўзда тутилаётган маҳсулотлар юзасидан ўзаро тажриба алмашилди. 

Якунда умумий қиймати 23 млрд. сўмлик шартномалар имзоланди.

Элёржон ЭҲСОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn