Ўзбек миллий матолари дунё мода саноатидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда
  • 26 Май 2017

Ўзбек миллий матолари дунё мода саноатидан мустаҳкам ўрин эгалламоқда

Ўзбекистон 2020 йилга бориб, пахта хом ашёси ўрнига тўлиқ “оқ олтин”дан қайта ишланган маҳсулотлар экспортини йўлга қўяди. “Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти бошқарув кенгаши раиси маслаҳатчиси Расул Содиқов Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги мажлисида 2016 йилга келиб мамлакатимиз енгил саноатида маҳаллий хом ашёнинг 53 фоизи қайта ишланиб, экспорт қилинган маҳсулот қиймати 1,2 млрд. АҚШ долларига етказилганини билдирди. 

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 декабрдаги “2017 — 2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори тўқимачилик ҳамда тикув-трикотаж саноатини модернизациялаш, диверсификациялаш ва жадал ривожлантиришни таъминлаш, пахта толаси ҳамда ипак хом ашёсини чуқур қайта ишлаш, хорижий инвестицияларни кенг жалб этиш орқали рақобатдош, ташқи бозорда харидоргир тайёр, экспортга йўналтирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми ва турини кенгайтиришда муҳим ўрин тутади. 

Бинобарин, ушбу дастуриламал ҳужжатга мувофиқ, 2020 йилга қадар 132 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилади. Уларнинг 50 фоизи чет эл инвестициялари ва кредитлари эвазига бўлиб, мазкур мақсадларга 2,2 миллиард АҚШ доллари йўналтирилади. Трикотаж материалларини ишлаб чиқариш қуввати 1,5 баравар, тайёр мато ишлаб чиқариш 2 баравар, тикувчилик ҳамда трикотаж маҳсулотлари тайёрлаш 3 баравар, пайпоқ маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2 марта кўпаяди.

Ҳаракатлар стратегиясини Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга ошириш бўйича Давлат дастурида ҳам тайёр тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича 178 млн. долларлик 15 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши белгиланган. 

Умуман, соҳада кўзда тутилган лойиҳалар муваффақиятли рўёбга чиқариладиган бўлса, Р. Содиқовнинг айтишича, юртимиз тўқимачилик саноатининг экспорт салоҳияти 7-8 миллиард долларга етади. 

Халқаро пресс-клуб мажлисида мамлакатимизда мода саноати жадал ривожланаётгани қайд этилди. “Бугунги ўзбек модасининг халқаро танлов ва намойишларда алоҳида эътирофга сазовор бўлаётгани республикамизда ушбу соҳа ривожланаётганидан далолат беради. Ҳозирги кунда қатор дизайнерларимиз ўзларининг намойиш саҳналарига, брендига, йўналишига эга”,  деди “Осиё рамзи” Ўзбекистон дизайнерлар уюшмаси раиси Холида Комилова. 

Ҳар йили ўтказилаётган Тошкент мода ҳафталиги ва “Болажонлар — ширинтойлар” номли болалар либослари кўргазмаси каби йирик тадбирлар ҳам мода саноатининг ривожланишида, янги номларнинг кашф қилинишида муҳим аҳамият касб этаяпти.

Х. Комилованинг таъкидлашича, бугун ўзбек миллий кийимлари, матолари дунё мода оламидан тобора кенг ўрин олиб, “ўзбек миллий тренди” сифатида эътироф этилмоқда. Марғилон атласи, ўзбек шойилари “Roberto Cavalli”, “Dolce & Gabbana” сингари жаҳонга машҳур брендлар каталогларидан жой эгаллаган.

Мулоқотда соҳани янада тараққий топтириш истиқболлари, кадрлар малакасини ошириш, газлама тайёрлашни ривожлантириш, тикувчилик корхоналарида тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқаришда матоларни маҳаллийлаштириш имкониятлари ҳақида -ахборот берилди. 

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn