Қурилиш саноатида йирик лойиҳа
  • 24 Май 2017

Қурилиш саноатида йирик лойиҳа

Бино-иншоотларнинг кўркам ва мустаҳкамлиги нафақат уларнинг меъморий ечими, балки қурилиш ашёлари пишиқлигига ҳам боғлиқ. Шу боис юртимизда мазкур соҳада кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. Натижада қурилиш материаллари саноати иқтисодиётимизнинг жадал суръатларда ривожланаётган тармоқларидан бирига айланиб бораётир.

Муҳими, мамлакатимиз аҳолисининг бинокорлик маҳсулотларига ортиб бораётган эҳтиёжи маҳаллийлаштириш ҳисобидан таъминланаяпти.

Хусусан, Қораўзак туманида барпо этилган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Qoraqalpoq sement” хорижий корхонаси — ана шундай илғор ишлаб чиқариш субъектларидан бири. Биринчи Президентимизнинг 2015 йил 4 мартдаги “2015 — 2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ҳамда диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги Фармони асосида барпо этилган мазкур саноат объекти “М-400” русумли цемент хом ашёси тайёрлашга иxтисослаштирилган.

— Умумий қиймати 40 миллион АҚШ долларига тенг ушбу лойиҳа шарофати билан йилига 1,2 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқарилади, — дейди МЧЖ раҳбари Анвар Шукуров. — Жумладан, режага мувофиқ, биринчи ва иккинчи босқичларда бу ерда йилига 250 минг тоннадан, учинчи босқичда эса 

700 минг тонна цемент тайёрлаш кўзда тутилмоқда. Ҳозир корхонада қурилиш-монтаж ишлари ниҳоясига етказилиб, мавжуд технологиялар ишга тушириш учун шай ҳолатга -келтириб қўйилди. Умуман, жорий йил охиригача завод тўлиқ қувват билан фаолият бошлайди. Ўз навбатида, маҳаллий ёшлардан 180 нафарининг бандлиги таъминланади.

Яна бир эътиборга молик жиҳати,  маҳсулот ишлаб чиқаришнинг биринчи ҳамда иккинчи босқичларида мамлакатимизда янги теxнология ҳисобланмиш вертикал, учинчи босқичда эса айланма печдан фойдаланилади. Бунда қисқа муддатда катта миқдорда инвестиция ўзлаштирилиб, замонавий ишлаб чиқариш объекти барпо этилиши муҳим омил бўлди.

Оролбўйи минтақасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, айниқса, ҳудуд аҳолисини барқарор иш ўринлари билан таъминлашда бу каби лойиҳаларнинг аҳамияти катта.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Шомурот ШАРАПОВ 

олган суратлар. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn