Юқори аниқликдаги ўлчов воситалари
  • 19 Май 2017

Юқори аниқликдаги ўлчов воситалари

ҳар бир ишлаб чиқариш корхонаси учун фойдалидир

Дунё миқёсида 20 май — Бутунжаҳон  метрология  куни  сифатида кенг нишонланади. Жорий йилда мазкур сана “Транспорт  учун  ўлчашлар” шиори остида ўтказилмоқда. Кеча пойтахтимизда “Ўзстандарт” агентлиги томонидан уюштирилган матбуот -анжуманида шу хусусда сўз юритилди.

Таъкидландики, мамлакатимизда бошқа соҳалар қаторида  стандартлаштириш, метрология, сертификатлаштириш ва аккредитация масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, бу борада кўплаб ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинмоқда. Ўзбекистон Республикасининг “Стандартлаштириш тўғрисида”ги, “Метрология тўғрисида”ги, “Маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тўғрисида”ги, “Озиқ-овқат маҳсулотларининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги, “Истеъмолчилар ҳуқуқларини  ҳимоя  қилиш  тўғрисида”ги  қонунлари  шулар жумласидандир. 

Президентимизнинг шу йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори тизим фаолиятини жаҳон стандартлари асосида юритиш борасида янги босқични бошлаб берди. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат корхонаси ташкил қилиниб, эталонлар, энг юқори аниқликдаги ўлчов воситаларини сақлаб туриш, уларни халқаро даражада солиштириш, шунингдек, ўлчов бирликларини узатиш ишларини такомиллаштириш унинг асосий -вазифалари этиб белгиланди. 

Бундан ташқари, қарорда юқори аниқликдаги 15 та эталон харид қилиниши, хорижий давлатлар ўртасида солиштириш ишларининг йўлга қўйилиши, чет эллардаги қиёслаш-ўлчов воситаларининг мамлакатимизга татбиқ этилиши кўзда тутилганки, бу ишлаб чиқариш корхоналарида валюта тежаш орқали иқтисодиётимиз равнақига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. 

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn