Илғор ишланмалар тақдимоти
  • 12 Май 2017

Илғор ишланмалар тақдимоти

Пойтахтимизда Х Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси қизғин давом этмоқда.

Айниқса, унда олимларимиз тақдим қилаётган инновацион ишланмалар барчада катта қизиқиш уйғотаяпти. Шу маънода, мазкур тадбир фан ҳамда ишлаб чиқариш ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамловчи муҳим восита вазифасини ўтамоқда, десак, янглишмаймиз. Тармоқ корхоналари вакиллари Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетининг кимё факультети катта ўқитувчиси Давронбек Бекчанов билан аллақачон музокараларни бошлаб юборишгани бунга мисол бўла олади.

— Маълумки, оқова сувларни тозалаш дунё миқёсида долзарб масалалардан бири ҳисобланади, — дейди ёш тадқиқотчи. — Шунинг учун илмий ишим ушбу муаммо ечимига қаратилган. Мақсадим — республикамизда ишлаб чиқарилаётган хом ашё асосида олинган ионит орқали оқова сувларни тозалаш ва саноат корхоналари учун зарур сувларни тузсизлантиришдир.

Ионит юртимизга хориждан олиб келинади. Бу, табиийки, ортиқча валюта сарфланишига сабаб бўлади. Менинг ишланмамни жорий этиш саноат корхоналарида маблағни бир ярим баробар тежаш имконини беради. Унинг самарадорлиги 2012 йилда “Максам-Чирчиқ” корхонаси ҳамда Ўзбекистон Миллий университети ўртасида тузилган шартномага мувофиқ ўтказилган синовлар натижасида исботланган.

Самарқанд давлат архитектура ва қурилиш институти мутахассислари таклиф қилаётган инновацион ишланмалар ҳам истиқболлилиги жиҳатидан диққатга сазовор. “Қадимий шаҳарларнинг тарихий қисмида “Ақлли маҳалла” анъанавий тураржой -мажмуаси” лойиҳаси — шулардан бири. У, аввало, тежамкор ҳамда экологик жиҳатдан тоза.

Гап шундаки, “Ақлли маҳалла”да уйларнинг том қисмида боғлар яратилиб, ўсимликлар махсус қувурлар орқали суғорилган ҳолда озиқлантирилади. Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида жамоат жойларига кузатув камералари, кўрсаткич ва сенсорли қурилмалар ўрнатилади. Кўчалардаги ёритиш чироқлари фақат одамлар юраётган пайтда ёнади. Муҳими, электр энергиясининг 30 фоиздан кўпроғи қуёш батареяларидан олинади.

“Ақлли маҳалла”нинг яна бир ўзига хос жиҳати, уйларнинг барчаси замонавий мосламалар билан жиҳозланади. Бу бутун маҳаллани марказлаштирилган ҳолда бошқаришда қўл келади.

Институтнинг илмий ишлар бўйича проректори Эркин Исоқовнинг айтишича, мазкур илм даргоҳида жорий йилнинг ўзида 20 дан зиёд лойиҳалар тайёрланган бўлиб, уларнинг аксарияти ярмаркага олиб келинган. Бу нима дегани? Агар ўтган йилги тадбирда жамоа -томонидан 312 миллион сўмлик шартнома тузилган бўлса, бу гал ушбу кўрсаткич янада яхшиланади.

Х Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси доирасида бир қатор семинарлар ҳамда илмий анжуманлар ҳам ташкил этилаяпти.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn