Инновацион ғоялар ва янги лойиҳалар пойтахтимизда иш бошлаган ярмаркада кенг намойиш этилмоқда
  • 11 Май 2017

Инновацион ғоялар ва янги лойиҳалар пойтахтимизда иш бошлаган ярмаркада кенг намойиш этилмоқда

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институти мутахассислари Фазлиддин Жўраев ва Жасур Дононовнинг изланишлари натижасида яратилган илмий ишланма — геологик-қидирув соҳаси учун мўлжалланган қурилма замонавийлиги билан алоҳида ажралиб туради.

Гап шундаки, “Қудуқдан тоғ жинси намуналарини олиш қурилмаси” деб номланган ушбу мослама геофизик тадқиқотлар ўтказишда жуда қўл келади. Унинг одатдаги бурғилаш ускуналаридан фарқи шундаки, ўқ ўрнига пўлат цилиндрли махсус идишлар ўрнатилган. Унинг тўртта оёғи эса тоғ жинси намуналари қайси қатламдан олинганлигини аниқлайди. Энг муҳими, у чуқурликка бир марта туширилганда, 15 тагача ёки 50 фоиз намунани тоғ жинси қаттиқлигига қараб 10 дақиқа ичида йиға олади. Қурилма фақат вертикал эмас, горизонтал йўналишларда ҳам намуна йиғиши мумкин. Қолаверса, у сезиларли даражада тежамкор. Яъни ҳозирги кунда битта қудуқда шундай иш бажаришга ўртача 90 миллион сўм атрофида маблағ сарфланаётган бўлса, мазкур -ускуна учун 60 миллион сўм етарлидир. Айни пайтда олимларнинг ушбу лойиҳаси синов жараёнида.

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида бўлиб ўтаётган Х Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси ана шундай истиқболли ишланмаларга жуда бойлиги билан иштирокчиларда катта таассурот қолдираяпти. Уларнинг ҳар бири энергия тежамкорлиги, экологик жиҳатдан фойдалилиги, қисқаси, қайсидир тармоққа зарурлиги билан эътиборни тортади. Бинобарин, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу ярмарка фан ҳамда амалиёт уйғунлигига хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, бугунги кунда мамлакатимизда мазкур соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар туфайли илм аҳлига изланишлар олиб -боришлари учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

Улар ўз ғоя ва ташаббусларини амалиётга жорий этиб, республикамиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаяптилар. Бу йилги ярмарка ҳам худди шу мақсадда ташкил этилган. Таъкидлаш керакки, ҳозиргача ўтказилган ярмаркаларда 4200 га яқин инновацион ғоя ҳамда технологиялар намойиш қилинган, уларда умумий қиймати 144 миллиард 100 миллион сўмлик бўлган 4 мингдан зиёд шартномалар имзоланган. Уларнинг бажарилиши натижасида 2 триллион 200 мил-

лиард сўмликка яқин 62 номдаги янги маҳсулотни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. 59 та шартнома бўйича эса маҳсулотларнинг тажриба-синов ва саноат намуналари юзага келган бўлса, юзлаб корхона, фермер хўжалиги ҳамда тадбиркорлик субъектлари илмий-амалий хизматлардан баҳраманд.

Галдаги тадбирда асосий бешта — “Саноат”, “Ахборот технологиялари”, “Соғлиқни сақлаш ва фармацевтика”, “Қишлоқ хўжалиги” ҳамда “Фан ва таълим” йўналишларидан ташқари, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан юртимиз академик ҳамда етакчи олимлари билан учрашувда қўйилган вазифалардан келиб чиққан ҳолда, “Жорий қилинган инновацион ишланмалар” йўналиши ҳам ташкил этилди. Биргина мазкур йўналишнинг ўзида йирик ишлаб чиқариш корхоналарида илғор технологиялар асосида туркумли тайёрланаётган 62 та маҳсулот намойиш этилаяпти.

Шу билан бирга, ярмаркада ёш олим ва талабалар томонидан таклиф қилинаётган 100 та ишланманинг тақдимоти ўтказилиб, унда турли соҳага дахлдор 500 дан ортиқ илғор ғоя ҳамда лойиҳалар намойиш этилаётир.

Ярмарка доирасида, шунингдек, III Тошкент халқаро инновацион форуми ҳам бўлиб ўтди. Унда дунё миқёсида инновация тизимларининг ривожланиш тенденциялари, соҳа тараққиёти, муаммо ва истиқболлари таҳлил қилиниб, инновацион иқтисодиёт учун кадрлар тайёрлаш каби масалалар муҳокама этилди. Форум, асосан, Ўзбекистон ҳамда Германиянинг инновациялар соҳасидаги ҳамкорлигига бағишланди. Тадбир доирасида “Ўзбек — немис инновацион мулоқоти — билимларга асосланган жамият қуриш келажаги” мавзуида халқаро конференция ҳам ўтказилиши режалаштирилган.

Форумда Болгария, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Россия Федерацияси сингари давлатлар ва БМТ, ЮНЕСКО, Жаҳон банки каби халқаро ташкилотлар олимлари, мутахассис ҳамда экспертлар қатнашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Фан ва технологиялар агентлиги ҳамда Иқтисодиёт вазирлиги томонидан ташкил этилган ярмарка эртага  якунланади.

Х Республика инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ярмаркаси очилиш маросимида Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. Арипов сўзга чиқди.

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn