Саноатимиз салоҳияти кўзгуси
  • 04 Май 2017

Саноатимиз салоҳияти кўзгуси

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ” мажмуасида Қишлоқ ва сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда истеъмол товарлари масалалари комплекси, Экспорт салоҳиятини ва машинасозлик, автомобиль ва электротехника саноатини ривожлантириш, маҳсулотларни стандартлаштириш масалалари комплексининг тармоқлараро саноат ярмаркаси ўз ишини бошлади. Ушбу тадбир ҳар йили ўтказиб келинаётган ҳамда шу йилнинг ноябрь ойида бўладиган XI Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг биринчи босқичи доирасида ташкил этилди. 

Мазкур ярмарка саноатчиларнинг йирик анжумани сифатида рақобатдош, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтиришда, ички тармоқ ҳамда тармоқлараро алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутмоқда. Яъни унда соҳа вакилларига янги ҳамкорлар топиш, буюртмалар портфелини шакллантириш, қўшимча шартномалар имзолаш учун қулай шарт-шароитлар яратилганки, бу иқтисодиёт тармоқлари, айниқса, саноатни ривожлантиришда катта имкониятлар эшигини очиб бераётир. 

Навбатдаги форумда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, “Ўзпахтасаноатэкспорт”, “Ўзбекозиқовқатхолдинг”, “Ўзвиносаноат-холдинг”, “Ўзагросаноатмашхолдинг” холдинг компаниялари, “Ўздонмаҳсулот”, “Ўзавтосаноат”, “Ўзэлтехсаноат” акциядорлик компаниялари ҳамда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси каби йирик тармоқларнинг 950 дан ортиқ корхоналари, шунингдек, хусусий тадбиркорлар ўз маҳсулотлари ҳамда хизматлари билан иштирок этмоқда.

Бу ерда маҳсулот сотиб олиш ёки ишлаб чиқаришни ташкил қилиш истагида бўлган маҳаллий ва хорижий ишбилармонларни республикамизда саноат корхоналари, шу жумладан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларида ишлаб чиқарилаётган товарлар ҳамда кўрсатилаётган хизматлар билан таништириш мақсадида Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси дирекцияси томонидан “Ўзбекистон саноат маҳсулот-лари каталоги” нашр қилинган. Каталогнинг электрон шакли дирекция расмий сайти — www.cooper.uzнинг “савдо майдончаси” бўлимида мавжуд. 

— Саноат форумида тизимимиз корхоналари ҳар йили фаол қатнашиб келади, —  дейди Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг Сув хўжалигини ривожлантириш бошқармаси бош мутахассиси Улуғбек Абдуллаев. —   Жумладан, галдаги ярмаркада 30 дан зиёд ишлаб чиқариш субъектларимиз томонидан 170 дан ортиқ маҳсулотлар намойиш қилинаяпти. Ўтган йили 7 миллиард 800 миллион сўмлик шартнома имзолаган бўлсак, бу йил 10 миллиард сўмлик келишувларга эришишни мўлжаллаб турибмиз.  

Тадбир доирасида саноат корхоналарининг тақдимотлари ўтказилади. Бу унинг янада қизғин ва самарали кечишидан далолатдир. 

Тармоқлараро саноат ярмаркаси ва кооперация биржасининг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари У. Розукулов сўзга чиқди.  

Дилшод УЛУҒМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

СУРАТЛАРДА: ярмарка фаолиятидан лавҳалар. 

 

 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn