Инновацион лойиҳа, харидоргир маҳсулот ва илғор тажрибалар
  • 03 Май 2017

Инновацион лойиҳа, харидоргир маҳсулот ва илғор тажрибалар

«Ташаббус — 2017» республика кўрик-танловининг ҳудудий босқичларида намойиш этилмоқда

Мамлакатимизда анъанавий тарзда ташкил этиб келинаётган ушбу танлов тадбиркор, ҳунарманд ва фермерларнинг чинакам беллашувига, соғлом рақобат майдонига айланди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Зотан, унда қатнашишнинг ўзи катта имконият бўлса, ғолиблар қаторидан жой олиш улкан муваффақиятдир. Айниқса, кўрик-танловда истиқлол йилларида юртимизда ишбилармонликни ривожлантириш, қишлоқ мулкдорларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда дунёга танитиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар самараси яққол намоён бўлаётгани эътиборга лойиқдир. 

Кеча пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида “Ташаббус — 2017” кўрик-танловининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди. Унда туман босқичларида иштирок этган 745 нафар илғор ва ташаббускор тадбиркор ҳамда ҳунарманддан 22 таси ўз маҳсулот ва хизматларини намойиш қилди. Бектемир туманидаги “Kamolot Istiqlol Ko‘makchisi”, Олмазор туманидаги “Kvadrat Decor”,  Яшнобод туманидаги “Uztelmash”, Яккасарой туманидаги “Baby Toys Garden” масъулияти чекланган жамиятлари ана шулар жумласидандир. 

— Ушбу тадбирда биринчи бор қатнашаяпмиз, — дейди Шайхонтоҳур туманидаги “Olmos Electronics” масъулияти чекланган жамияти вакили Олимжон Алимуҳамедов. — Шу маънода, у биз учун ўзига хос тажриба мактабини ўтади. Корхонамизда тайёрланаётган чангюткичлар иштирокчиларда қизиқиш уйғотганидан мамнунмиз.

Ҳайъат аъзолари хулосасига кўра, “Энг яхши тадбиркор” йўналишида “Kamolot Istiqlol Ko‘makchisi” корхонаси ғолиб, деб топилган бўлса, “Энг яхши ҳунарманд” номинациясига якка тартибдаги тадбиркор Илҳомжон -Саломов муносиб кўрилди.       

Андижон шаҳрида ташкил этилган “Ташаббус”нинг вилоят босқичи ҳам ҳар қачонгидан гавжум бўлди. Ҳудуд иқтисодиётининг ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келаётган энг яхши тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар намойиши бу борада эришилаётган ютуқлар кўзгусига айланди.

— Корхонамиз трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган, — дейди Олтинкўл туманидаги “Konteks Tashkent” масъулияти чекланган жамияти раҳбари -Дилшодбек Раҳимов. — 230 киши иш билан банд. Улар тиккан кийим-кечаклар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам ўз харидорларига эга. Натижада ўтган йили 12,3 миллион АҚШ долларилик экспорт фаолиятини амалга оширдик. Бунда замонавий дастгоҳлар ёрдамида янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ўзлаштирганимиз муҳим омил бўлди, албатта. 

Якунда ғолиблар аниқланди.

Кўрик-танловнинг ҳудудий босқичлари давом этмоқда.

Д. УЛУҒМУРОДОВ,

С. ХЎЖАМБЕРДИЕВ.

Ҳ. ПАЙДОЕВ олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn