Саноат маҳсулотлари кўргазмаси
  • 02 Май 2014

Саноат маҳсулотлари кўргазмаси

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожига қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар, ишлаб чиқаришни модернизациялаш борасидаги лойиҳалар ижроси, шунингдек, қулай ишбилармонлик муҳити Наманган вилояти иқтисодий салоҳияти тобора юксалишида алоҳида аҳамият касб этаётир.

Бу вилоят марказида ўтказилган ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида ҳам кўзга яққол ташланди.      

Айтиш жоизки, наманганлик ишлаб чиқарувчилар истеъмол бозорини импорт ўрнини босувчи рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришда фаол иштирок этмоқдалар.

Буни, масалан, жорий йилга келиб вилоятда тайёр маҳсулотлар тури 53 тага етгани,  бош кийимлар, эркаклар кўйлаклари, пайпоқ, пойабзал, парфюмерия ва чарм маҳсулотлари, пластмасса буюмлар, сантехника жиҳозлари, автомобиль фаралари ҳамда бошқа кўплаб маҳсулотлар маҳаллий шароитда тайёрланаётганида ҳам кўриш мумкин. Еттинчи бор ўтказилаётган саноат ярмаркасида 210 дан зиёд хўжалик юритувчи субъектлар томонидан 2200 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар кўргазмага қўйилди. Улар билан танишиш ва ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш учун ишлаб чиқариш, савдо ва таъминот корхоналарининг 4,5 мингдан кўпроқ вакили ташриф буюрди. 

Икки кун давом этган тадбир натижалари, кутилганидек, жуда самарали бўлди. Тадбир мобайнида ишлаб чиқарувчилар ва ички истеъмолчилар ўртасида қарийб
9 миллиард сўмлик, экспорт йўналишида эса 6 миллион АҚШ долларига тенг шартномалар имзоланди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn