Замонавий, рақобатдош ва тежамкор
  • 29 Апрель 2017

Замонавий, рақобатдош ва тежамкор

Ишбилармонларимиз томонидан ана шундай маҳсулотлар тайёрлашга эътибор қаратилаяпти.

Мамлакатимиз бўйлаб ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Халқаро саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси нафақат кичик ҳамда йирик ишлаб чиқарувчилар, балки бизнес фаолиятини йўлга қўймоқчи бўлганлар учун ҳам ниҳоятда фойдалидир. Бинобарин, бундай тадбирда маҳаллий корхоналарда тайёрланаётган маҳсулот ёки хизматлар намойиш этилиши баробарида, тармоқларда юз бераётган янгиликлар, моддий-техника ресурслари, ускуналар, бутловчи ва эҳтиёт қисмларга яқин истиқболдаги эҳтиёж, умуман, бозордаги бугунги вазият ҳақида атрофлича маълумотлар ҳам тақдим этилади.

Кеча пойтахтимиздаги “Ўзкўргазмасавдо” марказида иш бошлаган Тошкент шаҳри ҳамда вилоятининг навбатдаги ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржаси бунинг яққол тасдиғидир.

Ҳозирги кунда пойтахтимиз ҳамда Тошкент вилоятида 11,5 мингдан зиёд саноат корхоналари фаолият кўрсатаётган бўлса, шундан қарийб 11,2 мингтаси ҳудудий тасарруфдаги ишлаб чиқариш субъектлари ҳисобланади. Ўтган йил якунларига кўра, уларда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 22,6 триллион сўмни ташкил этиб, ҳудудий корхоналарнинг улуши 69,3 фоизга етди. Ялпи ҳудудий маҳсулотда саноатнинг улуши биргина Тошкент шаҳрида 30 фоиз эканлиги, айниқса, эътиборга молик. Саноатчиларнинг ўзига хос форумига айланган ушбу ярмарка автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, чарм-атторлик, фармацевтика, электротехника, озиқ-овқат, кимё, мебелсозлик каби йирик тармоқлар билан кичик ишлаб чиқарувчилар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Натижада иштирокчилар сони йил сайин ортиб, кооперация -алоқалари тобора кенгайиб бораётир.

Жорий йилги тадбирда Маҳаллийлаштириш дастури доирасида ўзлаштирилаётган ва ўзлаштирилиши таклиф этилаётган саноат маҳсулотларини намойиш қилаётган корхоналар сони қарийб 250 тани ташкил этаяпти.

— Ўн беш йилдан буён бизнес соҳасида фаолият юритиб келаяпмиз, — дейди Яккасарой туманидаги “Nurli Kelajak Biznes” масъулияти чекланган жамияти раҳбари -Сайфиддин Зайнутдинов. — Жамоамиз тадбиркорлик борасида етарли тажрибага эга. Юртимизда биз, ишбилармонларга яратиб берилаётган имкониятларни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Чунки айнан шундай енгиллик ва қулайликлар ишимизга барака киритаётир. Даромадимиз ортиб, фаолиятимиз кенгайишига пухта замин яратаяпти. Бунда мазкур ярмарканинг аҳамияти жуда юқори. Масалан, ўтган йилги тадбирда кооперация алоқаларини ривожлантириш бўйича 50 та шартнома имзолаган эдик. Бу йил эса янада яхши натижа кутаяпмиз.

Чойшаб, ёстиқ ва унинг жилдлари, кўрпа ҳамда бошқа маҳсулотларимизнинг сифати юқори. Шу боис уларга қизиқиш катта. Айни пайтда 11 кишилик жамоамиз томонидан тайёрланган бир миллиард сўмлик ана шундай маҳсулотларимизни асосий буюртмачилар — мактабгача таълим муассасалари, олий ўқув юртларига, шунингдек, бошқа харидорларга етказиб бермоқдамиз.

2016 йилги ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида аввалги йилдагидан 1,2 марта ортиқ, яъни 68 миллиард сўмлик шартнома имзоланган бўлса, шундан 65 миллион АҚШ долларилиги экспорт борасидаги келишувлардир. Бу йил мазкур миқдор мос равишда 80 миллиард сўм ҳамда 70 миллион долларга етказилиши режалаштирилаётир.

Ҳудудий саноат ярмаркаси ва кооперация биржасида инновацион ишланмалар асосида тайёрланган замонавий маҳсулотларга ҳам катта ўрин ажратилган.

Ярмарка давомида ҳудудий саноат корхоналари томонидан бир қатор тақдимот маросимлари ҳамда тадбиркорлар ўртасида соҳага тегишли қонунчиликни билиш бўйича танловлар уюштирилади. Энг яхши билимдонлар “Ўзтадбиркорэкспорт” акциядорлик жамияти, Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда бошқа ташкилотлар томонидан муносиб тақдирланади.

Дилшод УЛУўМУРОДОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Темур МАМАДАМИНОВ (ЎзА) 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn