Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда
  • 28 Апрель 2017

Савдо-иқтисодий алоқалар мустаҳкамланмоқда

Ўзбекистонда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат юритилаётгани туфайли чет давлатлар билан алоқалар барча йўналишда изчил ривожланмоқда.

Айниқса, қулай инвестициявий муҳит яратилиб, хорижий сармоядорлар фаолиятининг ҳуқуқий асоси мустаҳкамлангани, уларга қўшимча имтиёзлар тақдим қилинаётгани юртимизга бўлган қизиқишни янада кучайтираяпти. Натижада дунёнинг кўплаб мамлакатлари, хусусан, Жанубий Корея билан савдо-сармоявий ва иқтисодий ҳамкорлик тобора мустаҳкамланаётир.

Корея Республикаси ишбилармон доираларининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида уюштирилган бизнес-форумда бу яна бир карра ўз тасдиғини топди. Унда қайд этилганидек, иқтисодиётимизга киритилган инвестициялар ҳажми 7 миллиард АҚШ долларидан ошди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан ташкил қилинган мазкур тадбирда сўзга чиққанлар алоҳида таъкидлаганидек, томонлар иқтисодий соҳада энг кўп қулайлик яратишга интилаётгани савдо-инвестициявий алоқалар янада кенгайишида муҳим омил бўлмоқда.

Кўплаб қўшма лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилиб, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилаяпти. 2016 йил якунларига кўра, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1 миллиард 48,6 миллион долларни ташкил этди.

Бугунги кунда юртимизда Жанубий кореялик инвесторлар иштирокида очилган 461 корхона фаолият кўрсатаётган бўлиб, шундан 45 тасига тўлиқ хориж сармояси эвазига асос солинган. Улар иқтисодиётимизнинг машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, савдо, тоғ-кон, кимё, озиқ-овқат, енгил саноат, туризм, хизмат кўрсатиш каби етакчи тармоқларида самарали иш юритаётир. Бундан ташқари, уй-жой, коммунал хўжалиги, соғлиқни сақлаш соҳаларида ҳам кўплаб истиқболли лойиҳалар ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

— Ўзбекистонда иқтисодиётни диверсификациялаш, саноат тармоқларини модернизациялашга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилаяпти, — дейди Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги департаменти бош директори Канг Мёнг Су. — Ушбу жараёнда, айниқса, чет эллик инвесторларга қўшимча имтиёзлар тақдим этиш, қулай сармоявий муҳит яратиб беришга устувор аҳамият қаратилаётгани Жанубий кореялик ишбилармонларнинг ҳам қизиқишини орттирмоқда. Бугунги тадбирда 40 дан зиёд компаниялар раҳбарлари қатнашгани ана шундан далолат беради. Улар нефть-газ, қишлоқ хўжалиги, кимё, озиқ-овқат, енгил саноат, туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш ниятидалар.

Форумдан кўзланган мақсад ҳам икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни кенгайтириш, биргаликда янги қўшма корхоналарни ташкил этиш, истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилишдир.

Чет эллик мутахассисларга Ўзбекистоннинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти, кейинги йилларда эришилаётган ютуқлар, хорижий инвесторларга тақдим этилаётган имтиёзлар ҳақида маълумотлар берилди. Улар юртимизда яратилган қулай ишбилармонлик муҳитини юқори баҳолашди ҳамда инвестициявий лойиҳалар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.

Шу куни икки мамлакат ишбилармонларининг кооперация биржаси ҳам бўлиб ўтди.

Саид РАҲМОНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn