Мактабгача таълим сифатини юксалтириш баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим шартидир
  • 13 Январь 2017

Мактабгача таълим сифатини юксалтириш баркамол авлодни тарбиялашнинг муҳим шартидир

Ўсиб келаётган авлод юртимизда энг катта бойлик, миллий тараққиётимизнинг чинакам таянчи сифатида қадрланади. Шунга кўра, мамлакатимизда болалар ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатлаш, уларга ҳар томонлама ғамхўрлик кўрсатиш давлат сиёсатининг устувор йўналиши қилиб белгиланган.

Ёш авлодга замон талаблари асосида пухта таълим-тарбия бериш, уларнинг саломатлигини муҳофаза этишга йўналтирилган қатор дастурлар ҳаётга изчил татбиқ қилинаётгани, бу борадаги комплекс чора-тадбирларга ажратилаётган давлат бюджети маблағлари ҳажми йил сайин ортиб бораётгани, шунинг баробарида, таълим-тарбия соҳасидаги миллий қонунчилик мунтазам такомиллаштириб борилаётгани алоҳида эътиборга моликдир.

Дарҳақиқат, юртимизда ёш авлоднинг ҳар томонлама етук бўлиб вояга етишини таъминлаш мақсадида мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий база шакллантирилган. Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Таълим тўғрисида”ги ва бошқа қатор қонунлари, Президентнинг тегишли қарорлари, давлат дастурлари ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ўғил-қизларнинг жисмоний, интеллектуал, маънавий-ахлоқий жиҳатдан камол топишига кўмаклашиш билан боғлиқ ўта муҳим ҳамда аниқ вазифалар изчил рўёбга чиқарилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрда қабул қилинган “2017 — 2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада  яна бир муҳим қадам бўлди. 

Мамлакатимизда Кадрлар тайёрлаш миллий дастурига мувофиқ яратилган ноёб таълим тизими бугун жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилиб, катта қизиқиш билан ўрганилаётгани барчамизга мамнуният бағишлайди, албатта. Ўзбекистон ёшларининг ўз истеъдоди ва салоҳияти билан илм-фан, санъат, спорт соҳаларида, халқаро миқёсдаги нуфузли танловларда, мусобақаларда пешқадамлик қилаётгани таълим-тарбия ишларининг нечоғли юксак самарадорлигидан далолат беради. Табиийки, бу маориф тизимининг бошланғич бўғини — мактабгача таълимни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар ҳам давлатимизнинг диққат-эътиборида эканини тасдиқлайди. Чунки илдизи бақувват бўлмаган ниҳол баравж ўсмагани каби, таълим-тарбиянинг ҳам пойдевори мустаҳкам қўйилмаса, юрт равнақи ва тақдирини зиммасига олишга қодир авлодни вояга етказиш мушкул вазифага айланади. Шу маънода, мактабгача ёшдаги болаларнинг таълим-тарбиясига янада жиддий ёндашиш, соҳага энг илғор педагогик технологияларни жорий қилиш, бунинг учун барча ташкилий-техник шароитларни яратиш долзарб аҳамият касб этади. Таъкидлаш жоизки, Президентимизнинг қарори билан тасдиқланган Мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш бўйича 2017 — 2021 йилларга мўлжалланган дастурда ана шу талабларга мос равишда кенг кўламли вазифалар ўз ифодасини топган.

Хусусан, унда 2 минг 200 та мактабгача таълим муассасасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, айниқса, қишлоқ жойларда мактабгача таълим муассасаларини янгидан қуриш, уларни замонавий талабларга жавоб берадиган инвентарь, жиҳоз, ўқув-методик қўлланмалар ва мультимедиали воситалар билан таъминлаш Дастурнинг асосий мақсадли вазифаларидан бири сифатида келтирилади. Бу бежиз эмас. 

Сир эмас, бугунги кунда юртимиздаги барча мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника имконияти ва фаолияти давр талабларига тўла жавоб беради, деб бўлмайди. Қишлоқ жойларда юқори сифатли мактабгача таълимни йўлга қўйиш, болаларни мактабгача таълим муассасаларига тўлиқ қамраб олиш муаммо бўлиб қолаётгани ҳам бор гап. Аҳамиятлиси, қарорда мазкур масалаларнинг пухта амалий ечими кўрсатилган. Келгуси беш йил давомида мактабгача таълим муассасалари тармоғини 50 та янги қурилиш ҳамда мавжуд муассасаларнинг 1167 тасини реконструкция қилиш ва 983 тасини мукаммал таъмирлаш орқали кенгайтириш, қишлоқ жойлардаги мактабгача таълим муассасаларида ота-оналар бадал тўловини 30 фоизгача камайтириш, болаларнинг мактабгача таълимга қамровини 1,5 баробар ошириш шулар жумласидандир.

Қарорда белгиланган вазифаларнинг самарали рўёбга чиқарилишида парламент назоратининг ўрни ва таъсири муҳим, албатта. Бу парламент вакиллари, хусусан, сенаторлар олдига қатор вазифаларни қўяди. Мактабгача таълим муассасалари фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришда маҳаллий ҳокимият органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкор ва ҳамжиҳатликда иш олиб бориш, соҳанинг қонунчилик асосларини янада мустаҳкамлаш ишларида ташаббускор бўлиш талаб этилади. Зеро, таълим-тарбияни изчил  ривожлантириш она Ватанга садоқатли, билимли, чинакам комил инсонларни вояга етказишнинг, бошқача айтганда, буюк келажакни барпо этишнинг асосий шартидир. 

Зайнаб БЕРДИЕВА,

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn