Илм-фан ютуқлари —  тараққиётнинг муҳим омили
  • 12 Январь 2017

Илм-фан ютуқлари —  тараққиётнинг муҳим омили

Илм-фан — башариятнинг бугуни ва келажагини белгилашда муҳим ўрин тутади. У тараққиётга бевосита  таъсир кўрсатади. Аҳоли эҳтиёжларини қондириш баробарида, ҳаётини янада фаровон қилади, муҳофазалайди, энг муҳими, замонавий, ишончли хизмат кўрсатади. Иқтисодиёт ривожининг жадаллигини таъминлайди.

Шу боис олимларимиз янги ва ноёб изланишларни амалга оширишларини, илғор каш-фиётлар яратишларини, бу тадқиқотлар, ўз навбатида, давлат ва жамият ривожига муносиб ҳисса қўшиши зарурлигини давр ва вақт тақозо этаяпти. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёев биз, илм-фан вакилларини бир даврага йиғиб, -мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатларни бутунлай янги босқичга кўтариш лозимлиги, бунинг учун давлатимиз доимо қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини алоҳида таъкидлаганидан беҳад қувондик. 

Дарҳақиқат, бугун жамият олдида турган долзарб масалаларни илм-фансиз ечиш мушкул.

Мазкур соҳани ва олимларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси алоҳида эътирофга лойиқ. Чунончи, Президентимиз томонидан яқинда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари фаолиятини такомиллаштириш ва рағбатлантириш тўғрисида”ги Фармон биз учун улкан аҳамиятга эга. Унда мамлакатимиз ижтимоий-иқтисодий тараққиётида илм-фаннинг ўрнини янада мустаҳкамлаш, академиклар фаолиятини ҳар томонлама кучайтириш, юқори малакали илмий кадрлар тайёрлаш сифатини оширишни рағбатлантириш каби қатор муҳим чора-тадбирлар белгилангани қалбимизни чексиз ифтихорга тўлдирди. 

Агар иқтисодий жиҳатдан энг тараққий этган давлатлар тажрибасига назар ташласак, бу юксалиш замирида илм-фанни тубдан ривожлантириш турганлигига гувоҳ бўламиз. Мисол учун, Японияни олайлик. Биласиз, Иккинчи жаҳон урушидан кейин “Кунчиқар юрт” жудаям оғир аҳволга тушиб қолганди. Ўша пайтда бу ўлкада асосий эътибор инсоннинг “бошини тўйдириш”, яъни унга кучли билим беришга қаратилди. Пировардида илм-фан тараққиётига ажратилган сармоя бугунги кунгача ўзининг ижобий самарасини кўрсатиб келаяпти. 

Файласуф Конфуцийнинг шундай ҳикмати бор: агар сен халқингни бир йил боқмоқчи бўлсанг, буғдой эк, ўн йил боқмоқчи бўлсанг, дарахт эк, агар асрлар давомида боқмоқчи бўлсанг, билим, илм эк. Бугун илм-фанга қаратилаётган эътибор ҳам узоқни кўра билиш, порлоқ келажак сари ташланган дадил қадамдир. 

Учрашувда соҳада амалга оширилиши зарур бўлган долзарб таклифлар илгари сурилди. Жумладан, юқори технологик илмий маҳсулотларни амалиётга жорий этиш учун янги замонавий тажриба-ишлаб чиқариш, конструкторлик-технологик ташкилотлар ҳамда инновация марказларини ташкил этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Айтиш жоизки, бу ҳаётбахш ташаббуслар мамлакатимиз равнақида муҳим ўрин эгаллайди. Чунки инновация марказлари, аввало, интеграция жараёнларини жадаллаштиришга хизмат қилади. Яъни илмий-тадқиқот институтлари, таълим муассасалари ва саноат корхоналарининг рақобатдошлиги юксалади, соҳага маҳаллий ҳамда хорижий инвесторларни жалб этиш имконияти кенгаяди. Яна бир эътиборли жиҳати шундаки, юртимизда генетика, тиббиёт, математика, физика, технология ва яна кўплаб соҳалардаги ноёб ишланмалар жаҳон миқёсида муносиб эътироф этилишига, харидоргир бўлишига эришишимизга замин яратилади. 

Тадқиқотчиларимиз, олимларимизнинг изланишлари, кашфиётлари келажак авлодларга ҳам хизмат қилиши учун бугун нималар қилиш зарур? Бу саволга Президентимизнинг мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар кўплиги, улар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозимлиги ҳақида билдирган фикрлари энг муносиб жавоб бўла олади. 

Ушбу анжуманда давлатимиз раҳбари бу каби учрашувларнинг доимий бўлишини айтгани зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Зеро, бундай эътибор ва ғамхўрлик мамлакатимиз илм-фанини янада ривожлантиришга, ҳеч шубҳасиз, улкан ютуқларга эришишимизга хизмат қилади.

 

Бакриддин ЗАРИПОВ,

академик, биология фанлари доктори, профессор.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn