Билимли ва зукко ёшлар
  • 23 Апрель 2014

Билимли ва зукко ёшлар

пойтахтимизда янги очилаётган Инҳа университетида таҳсил олишлари мумкин

Кеча Алоқа тарихи музейида Тошкент шаҳрида Инҳа университети фаолиятини ташкил этишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари давлат қўмитаси ҳамда Жанубий Кореянинг Инҳа университети маъмурияти ҳамкорлигида ўтказилган мазкур тадбирда АКТ соҳасида фаолият юритаётган ташкилотлар мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, талаба-ёшлар қатнашди.
Қайд этилганидек, Президентимизнинг жорий йил 24 мартдаги “Тошкент шаҳрида Инҳа университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ фаолиятини бошлаётган мазкур таълим даргоҳи халқаро стандартлар асосида ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади.
Жанубий Кореянинг Инҳа университетига 1954 йил асос солинган бўлиб, айни кунда таълим муассасасида 20 йўналишда 20 мингдан зиёд талаба таҳсил олади. Сеулнинг “JoongAngIlbo” нашри рейтингида Инҳа университети Кореянинг ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида кадрлар тайёрлайдиган энг пешқадам таълим муассасалари бешталигидан, шунингдек, 2014 йил жаҳон миқёсида ўрганилган таълим даргоҳлари орасида мазкур йўналишда энг илғор университетлар юзталигидан жой олган.
Таъкидланганидек, ахборот технологиялари йўналишида Инҳа университети билан бир неча йиллардан буён самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилнинг январь — февраль ойларида Тошкент ахборот технологиялари университети ҳамда муассасанинг ҳудудий бўлинмаларидан саралаб олинган 10 нафар ёш ва иқтидорли ўқитувчи Жанубий Кореянинг Инҳа университетида махсус дастур асосида ахборот-коммуникация технологиялари бўйича замонавий билим ва кўникмаларини ошириб қайтдилар.
Матбуот анжуманида ташкилотчилар университетда таълим тизимининг ташкил этилиши, абитуриентларни саралаб олиш жараёни, кириш имтиҳонлари билан боғлиқ саволларга жавоб беришди.
— Ушбу таълим даргоҳининг ташкил қилинаётгани АКТ соҳасида Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасидаги икки томонлама мустаҳкам алоқаларнинг ривожланишида навбатдаги муҳим қадам бўлди, — дейди Тошкент шаҳридаги Инҳа университети қабул бўлими декани жаноб Ким Жонг Хо. —  Мазкур таълим муассасасига ёшлар синов-имтиҳонлари натижаларига мувофиқ, тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинадилар. Университет тўлов-шартномасининг қиймати Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган хорижий олий таълим муассасаларида таълим олиш нархларига мувофиқ белгиланади. Шунингдек, синов имтиҳонларида юқори натижа кўрсатган абитуриентлар учун иқтисодиётнинг турли соҳа корхоналари грантларини ажратиш ҳам режалаштирилган. Бу ерда дарслар инглиз тилида олиб борилишини инобатга олган ҳолда, абитуриентлардан IELTS (Халқаро инглиз тили тест тизими)да инглиз тилини 5,0 балл даражасида билиш талаб этилади.
Абитуриентлар жорий йилнинг 7 майидан 21 июнигача Тошкент шаҳридаги Инҳа университетнинг www.iut.uz расмий веб-сайтидан онлайн рўйхатдан ўтишлари керак бўлади. Шундан сўнг абитуриентлар шу йил 6 июндан 20 июнгача университет қабул комиссиясига зарур ҳужжатларни тақдим этишлари лозим.
Университетга кириш учун абитуриентлар 6 июль куни математика ҳамда физика фанларидан ёзма, 27 июлда инглиз тилида оғзаки имтиҳон топширишади. Имтиҳон жавоблари эса 8 август куни эълон қилинади.
Тошкент шаҳридаги Инҳа университетининг 2014/2015 ўқув йилида илк дарслари жорий йилнинг 1 октябридан бошлаб ташкил этилади. Унда таълимнинг 3 та — компьютер инжиниринги, дастурий инжиниринг ва компьютер тармоқлари инжиниринги йўналишлари бўйича, 2 та факультетда 150 нафар бакалавр қабул қилинади.
Шунингдек, матбуот анжуманида университет битирувчиларига Инҳа университети (Корея Республикаси)нинг белгиланган намунадаги, Ўзбекистон Республикасида олий таълим тўғрисидаги ҳужжат, деб тан олинадиган дипломи берилиши қайд этилди.
Жорий йилнинг 29 апрелигача юртимиздаги касб-ҳунар коллежларида Тошкент шаҳридаги Инҳа университети фаолиятига бағишланган тарғибот лойиҳаси, 29 апрель куни эса барча таълим муассасаларида абитуриентлар ҳамда уларнинг ота-оналари иштирокида видеоконференция ташкил этилиши кўзда тутилган.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn