Ўзбекистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмас
  • 03 Август 2016

Ўзбекистон фарзандлари ҳеч кимдан кам эмас

Шу йилнинг 23 июлидан 1 августига қадар Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида кимё фани бўйича ўтказилган 48-Бутунжаҳон олимпиадасида ёшларимиз битта кумуш, иккита бронза медални қўлга киритиб, Ўзбекистон фарзандлари билим ва заковатда ҳеч кимдан кам эмаслигини яна бир карра исботлашди. Кеча “Тошкент” халқаро аэропортида уларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.

Тегишли вазирлик ҳамда идоралар вакиллари, ўқитувчилар, ота-оналар ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашган тадбирда мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида таълим тизимини ривожлантириш борасида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўзининг юксак самараларини бераётгани алоҳида таъкидланди.

Нуфузли интеллектуал беллашувда Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод академик лицейи ўқувчиси Сарвар Шоюнусов кумуш, Самарқанд давлат тиббиёт институти қошидаги 1-академик лицей ўқувчиси Жаҳонгир Фахриев ҳамда Тошкент тиббиёт академияси қошидаги академик лицей ўқувчиси Чарос Омонова бронза медални қўлга киритди. Яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, бу ёшлар жорий йилнинг май ойида Россияда кимё фани бўйича ташкил этилган 50-халқаро Менделеев олимпиадасида ҳам совриндор бўлишганди. 

— 48-Бутунжаҳон олимпиадасида 75 давлатдан уч юздан ортиқ ўқувчи қатнашди, — дейди Тошкент педиатрия тиббиёт институти қошидаги Юнусобод академик лицейи директори Ортиқбой Эшонқулов. — Улар орасида АҚШ, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби ривожланган давлатлар вакиллари бор эди. Ёшларимиз билдирилган ишончни оқлашганидан хурсандмиз. Бу мамлакатимизда навқирон авлодни қўллаб-қувватлаш, ўз иқтидор ҳамда салоҳиятини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллаши учун яратиб берилаётган беқиёс имкониятлар мевасидир.

— Биз дунё цивилизациясида муҳим ўрин тутган буюк мутафаккирларнинг авлодларимиз, — дейди ёш истеъдод соҳиби Сарвар Шоюнусов. — Пухта билим олиб, аждодларимизга муносиб бўлишимиз, юртимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган кадрлар сифатида шаклланишимиз учун барча шарт-шароит яратиб берилган. Улардан унумли фойдаланишга интилмоқдамиз. Бундан кейин янада юксак марраларни эгаллаш учун ўқиш ва изланишда давом этамиз.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn