Таълим ва тарбия уйғунлиги баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили
  • 13 Июль 2016

Таълим ва тарбия уйғунлиги баркамол авлодни шакллантиришнинг муҳим омили

Мактабгача таълим муассасалари ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш республика ўқув-методика марказида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан “Йил тарбиячиси — 2016” кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

Унда мазкур беллашувнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичи ғолиблари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар ёш авлодга пухта таълим-тарбия бериш, маънавиятини юксалтириш, уларни миллий менталитетимиз учун ёт бўлган турли зарарли мафкуравий таъсирлардан ҳимоялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлашди. -Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури бу борада белгиланган вазифаларни изчил ва босқичма-босқич ҳаётга татбиқ этиш имконини бермоқда.

Болаларни тарбиялаш, уларда илк билим ва кўникмаларни шакллантиришда мактабгача таълим масканлари алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги 4916 та ана шундай масканда 668497 нафар кичкинтой тарбияланмоқда. Ушбу масканларда фаолият кўрсатаётган 55463 нафар тарбиячи-педагог фарзандларимизнинг мурғак қалбида Ватанга муҳаббат, миллий истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини шакллантириш, дунёқарашини бойитиш йўлида меҳнат қилмоқда. 

Халқ таълими вазирлиги томонидан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган танловда бу йил чекка ҳудудлардаги таълим даргоҳларида ўқув-маърифий ишларни янада такомиллаштириш, ёшлар маънавиятини юксалтиришга оид “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлашга алоҳида аҳамият қаратилди. 

Қатнашчилар илғор педагогик технологиялардан самарали фойдаланиш, уни амалий машғулотларда қўллай олиш, таълим-тарбия жараёнига болаларнинг руҳияти, ёш хусусияти, тафаккури, дунёқараши каби жиҳатларни эътиборга олган ҳолда ёндашиш каби мезонлар бўйича ўз билим ҳамда маҳоратини намойиш этишди. Айни пайтда педагогларнинг сиёсий-ҳуқуқий билими, маънавий-интеллектуал савияси, замонавий ахборот технологиялари бўйича саводхонлиги ҳам баҳоланди. 

Якунда Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳридаги 28-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Гуласал Зайнобиддинова ғолиб, деб топилди. Самарқанд вилоятининг -Самарқанд шаҳридаги 60-мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси Мунаввар Қобилова иккинчи, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур туманидаги 259-мактабгача таълим муассасаси -тарбиячиси Муниса Олимова учинчи ўринни эгаллади.

— Болалар — келажагимиз, ҳаётимиз давомчилари, — дейди Гуласал Зайнобиддинова. — Уларнинг  баркамол вояга етишишларида биз, тарбиячилардан катта масъулият талаб этилади. Бу каби танлов ва мусобақалар эса билим ҳамда тажрибамизни оширишда муҳим ўрин тутади. Танловда қатнашиб, маҳорат ва истеъдодимизни тўртта шарт бўйича синовдан ўтказдик. Тест синови, ўзимиз ясаган дидактик материаллар тақдимоти, “Бугунги тарбиячи қандай бўлиши керак?” мавзуидаги чиқишимиз ҳамда -эртак, ҳикоя ва масаллардан парчалар ижро этилиши ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. “Йил тарбиячиси” деган эътирофга сазовор бўлганимдан беҳад мамнунман. Билдирилган ишончни оқлаш йўлида астойдил ҳаракат қиламан.

ўолиб ҳамда совриндорларга Халқ таълими вазирлигининг диплом ва совғалари топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn