Интеллектуал салоҳият ва билимлар синови
  • 12 Июль 2016

Интеллектуал салоҳият ва билимлар синови

Юртимизда мустақиллик йилларида ҳарбий кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг замонавий талабларга жавоб берадиган тизими яратилди. Пировардида миллий армиямиз сафлари пухта тайёргарликка эга, интеллектуал жиҳатдан етук, стратегик фикрлай оладиган мутахассислар билан тўлдириб борилаётир. Бу йўлдаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар эса изчил давом эттирилмоқда.

Зеро, ҳарбий таълим тизими сифатини доимо юксалтириб бориш давлатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлашнинг устувор йўналишларидан биридир. 

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Академияси, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети ва сержантлар тайёрлаш мактаблари мамлакатимизда миллий офицерлар ҳамда сержантларни камол топтириш ишини юқори поғонага кўтарди.

Ўз навбатида, олий ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олишга иштиёқи баланд ёшлар сони тобора кўпайиб бораётгани диққатга сазовордир. Куни кеча ана шундай навқирон авлод вакилларидан бир гуруҳининг билими, дунёқараши тест асосида -синовдан ўтказилди. Унда етарли балл тўплай олганлар шарафли касб — офицерлик сари қадам ташлайди.

Мазкур жараёнлар давлатимиз раҳбарининг 2005 йил 19 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида ҳарбий таълим тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишига асосан ташкил этилаяпти. Тест натижалари эса ҳар йили 15 июлда эълон қилинмоқда. Пировардида ўқишга кириш жараёнида бир оз омади келмаган абитуриентлар ҳужжатларини бошқа олий таълим муассасаларига топшириб, ўз билимларини 1 август куни яна бир карра синаб кўришлари мумкин. Бу ҳам ёшларга берилган улкан имкониятлардан бири ҳисобланади.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Махсус факультетида ҳам тест синовлари бўлиб ўтди. Мазкур олий ҳарбий таълим муассасасида радиокоммуникация ва телекоммуникация тизимлари, ахборот хавфсизлиги ва ахборот технологиялари, махсус алоқа бўлинмалари командирлари тайёрланади. Факультетда эртамиз эгаларининг пухта билим олиши, ўз соҳасининг етук вакили бўлиб шаклланиши учун барча қулайлик муҳайё этилган. Бу йўлда энг сўнгги русумдаги техника ҳамда технологиялар, компьютер ва алоқа воситаларидан унумли фойдаланилаётир. Шулар қаторида электрон кутубхона, “Радиоэлектроника”, “Радиоҳаваскорлар”, “Ёш дастурчилар”, “Авиамоделлар”, “Телестудия” каби бир қанча тўгараклар фаолияти, спорт мажмуасидаги шароитлар ҳам эътиборга молик. Тураржой биносидаги хоналар эса шинам ва ёруғ.

Андижон вилоятилик Иззатбек Адҳамов — айнан шу факультетга катта орзу-умидлар билан ҳужжат топширганлардан бири.

— Болалигимдан ҳарбий бўлишни юрагимга туккан эдим, — дейди у. — Шунинг учун тест синовларига астойдил тайёргарлик кўрдим. Билимим қўл келиб, саволларга бемалол жавоб бердим. Мақсадимга эришаман, деган умиддаман. Келажакда мард ўғлонлар қаторида юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида сидқидилдан хизмат қилмоқчиман. 

Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юртида ташкил этилган тестда ҳам соғлом рақобат яққол сезилди. 

— Академик лицейни битириб, мазкур олий ҳарбий таълим муассасасига ўқишга кириш учун имтиҳон топширгандим, — дейди Фурқат Раҳматуллаев. — Аммо синовда омадим келмади. Бу орада муддатли ҳарбий хизматни ўтадим. Кейин эса у ерда шартнома асосида хизматда қолиб, сержантлар тайёрлаш мактабини битирдим. Бугун мазкур олий таълим муассасасига ўқишга кириш учун тест топширдим. “Интилганга толе ёр”, деганларидек, мен, албатта, офицерлар сафига қўшиламан.

Давлат тест синовлари Мудофаа вазирлигига тегишли Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртида ҳам юқори савияда ўтказилди.

Саиджон МАХСУМОВ,

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбирлари. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn