Истеъдод ва заковат синови
  • 17 Июнь 2016

Истеъдод ва заковат синови

Пойтахтимизда умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган “Билимлар беллашуви — 2016” кўрик-танловининг мамлакат босқичи бошланди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ташкил этган мазкур интеллектуал мусобақада танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичлари ғолиблари иштирок этмоқда.

Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар мамлакатимизда навқирон авлодни юксак интеллектуал салоҳиятли, теран маънавиятли инсонлар этиб камолга етказиш вазифаси ёшларга оид давлат  сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигини таъкидлашди.

Ушбу заковат беллашувидан кўзланган асосий мақсад ўқувчиларнинг қобилияти ва истеъдодини қуйи синфлардан бошлаб аниқлаш, мактабларда соғлом рақобатни ташкил қилиш орқали ўқувчиларнинг билим олишга бўлган қизиқиши ҳамда иштиёқини тобора ривожлантиришдан иборатдир. 

Бинобарин, беллашув натижасида давлат таълим стандартларида белгиланган талабларнинг қандай бажарилаётгани таҳлил этилиб, таълим сифати кўрсаткичлари орқали ўқув муассасалари, ҳудудий халқ таълими бошқаруви идоралари фаолияти баҳоланади. 

— Камолга етаётган фарзандларимизнинг кучли билимга, кенг дунёқарашга эгалиги қалбимизда ўзгача ғурур уйғотади, — дейди “Билимлар беллашуви — 2016” кўрик-танловининг ҳайъати аъзоси, Косон туманидаги 95-ихтисослаштирилган умумтаълим мактаби ўқитувчиси Эргаш Жўраев. — Танловда қатнашаётган ёшларнинг ҳар бирида интилиш, изланиш бор. 

Бу галги билимдонлар баҳсида умумтаълим мактабларининг 5 — 8-синф ўқувчилари 16 ўқув фани бўйича ўз билим ва иқтидорини синовдан ўтказяпти. Унинг дастлабки босқичларида икки миллион нафардан зиёд ўғил-қиз иштирок этгани танлов қамрови нақадар кенглигидан далолат беради. Кучли рақобат муҳитида сараланган 500 нафар ўқувчи якуний босқичда қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди. 

Билимлар беллашувида муваффақиятга эришган ўқувчи-ёшлар Бўстонлиқ туманида жойлашган “Қуёшли” интеллектуал-ривожлантириш оромгоҳида ҳордиқ чиқариш имкониятига эга бўлади. Улар учун моҳир педагоглар, профессор-ўқитувчилар, олимлар, маданият ҳамда санъат намояндалари иштирокида фан, шеърият кечалари, маҳорат сабоқлари, викторина ва мусобақалар ташкил қилинади.

Мавжуда ХОЛМАТОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn