Битирувчилар бандлигини таъминлаш — долзарб вазифа
  • 26 Май 2016

Битирувчилар бандлигини таъминлаш — долзарб вазифа

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб этиш борасидаги долзарб вазифалар” мавзуида видеоконференция ўтказилди.

Унда сенаторлар, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Меҳнат ҳамда Адлия вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Марказий банк, Савдо-саноат палатаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Тадбирда мамлакатимизда ёшлар, хусусан, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари бандлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди. Муҳими, ушбу саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бериб, коллежларни битираётган йигит-қизлар мутахассисликлари бўйича ишга жойлашмоқдалар. Шу билан бирга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни истаган фарзандларимиз учун кенг имкониятлар яратилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 мартдаги “Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини ишга жойлаштириш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ушбу йўналишдаги ишларни янги босқичга кўтарди. Мазкур ҳужжатга кўра, Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг ишлаб чиқариш амалиётини ташкил этиш, аниқ ташкилотларга — иш берувчиларга бириктириш ва эгаллаган касблари бўйича бандлигини таъминлаш бўйича Республика мувофиқлаштирувчи кенгаши тузилган бўлиб, ҳозирги пайтда самарали фаолият олиб бораяпти. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман ва шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ҳудудий мувофиқлаштирувчи кенгашлар ташкил этилди.

Шу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2014/2015 ўқув йилида 482,6 минг нафар битирувчи шартномаларга мувофиқ, 207,2 мингта корхона ҳамда ташкилотда амалиёт ўтади.

Касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларини тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш ва тайёрлаш мақсадида махсус курслар ўқитилаётгани ҳам конференция иштирокчилари томонидан айтиб ўтилди.

Шунингдек, уларга амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида 13 та тумандаги 93 та коллежда “бир дарча” сайёр нуқталари фаолияти йўлга қўйилган. Улар юридик ҳужжатлар — бизнес-режа тузиш, тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш ҳамда кредитларни расмийлаштиришда кўмак бермоқда. 2015 йилда тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 38,3 минг нафар битирувчига тижорат банклари томонидан қарийб 280 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар берилди. Эътиборлиси, ўтган давр мобайнида ана шу битирувчилар томонидан жами 15 мингта иш ўрни яратилди.

Умуман, 2015 йилда 482,6 минг нафар коллеж битирувчисидан 480 мингдан зиёди иш билан таъминланган.

— Бу йил касб-ҳунар коллежларини 477 мингдан зиёд ўқувчи битиради, — дейди Олий Мажлис Сенати аъзоси Исломиддин Аброров. — “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурига мувофиқ, уларни ишга жойлаштириш мақсадида битирувчилар ва 222,5 мингта корхона ҳамда ташкилотлар, коллежлар, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар ўртасида тегишли шартномалар тузилди. Тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 33,1 минг нафардан иборат битирувчи рўйхати шакллантирилди. Улар ўз бизнесини йўлга қўйиши учун тижорат банклари томонидан 305 миллиард сўмликдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратиш режалаштирилган. Шунга мос равишда, 2016 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури доирасида касб-ҳунар коллежларининг битирувчиларини ишга жойлаштириш учун 286 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил қилиш кўзда тутилган бўлиб, бу борада ҳам изчил фаолият олиб борилаётир. Хусусан, битирувчиларни ўз мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш мақсадида ўқув йили охиригача жойларда 904 та ихтисослаштирилган бўш иш ўринлари ярмаркаси ўтказилади.

Муҳокамалар чоғида сенаторлар битирувчиларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ҳамда уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида коллежларнинг корхоналар ва ташкилотлар, ҳокимликлар, “Камолот” ЁИҲ, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари, хўжалик юритувчи субъектлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш зарурлигини айтиб ўтишди.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан бу борадаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, ёшларнинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши учун қулай шарт-шароит яратиш, битирувчиларни ёш тадбиркорларга мўлжалланган давлат имтиёзлари ва преференциялари билан мунтазам таништириб бориш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида тадбиркорлик фаолиятини, шу жумладан, оилавий тадбиркорликни ҳамда ҳунармандчиликни ривожлантириш, ўқув режаларини, дастурларни мақбуллаштириш ва коллеж битирувчилари ишга жойлаштирилиши устидан жамоатчилик назоратини янада кучайтириш масалалари бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Конференцияда муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn