Тил, таълим ва маданиятлар уйғунлиги
  • 26 Май 2016

Тил, таълим ва маданиятлар уйғунлиги

Самарқандда “Буюк Ипак йўлида умуминсоний ва миллий қадриятлар: тил, таълим ва маданият” мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман ўтказилди. Самарқанд давлат чет тиллар институти ҳамда Хитойнинг Шанхай хорижий тиллар университети билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирда Буюк Британия, АҚШ, Хитой, Жанубий Корея каби давлатлардан таниқли олимлар ва тадқиқотчилар қатнашди.

— Буюк Ипак йўли жаҳон цивилизацияси ривожида муҳим ўрин тутган, — дейди Самарқанд давлат чет тиллар институти Шарқ тиллари кафедраси мудири Аҳмад Раҳимов. — Шу боис унинг бўйида жойлашган мамлакатлар маданияти ҳамда тарихини ўрганишга қизиқиш тобора ортмоқда.

Анжуман иштирокчилари дастлаб Самарқанд давлат чет тиллар институтида ёшларимизга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Зеро, бундай нуфузли конференциянинг айнан ушбу муассасада ўтказилаётгани бежиз эмас. Чунки кейинги йилларда бу ерда таълим сифати тубдан яхшиланиб, дунёнинг бир қатор давлатларидаги илмий марказлар билан самарали ҳамкорлик ўрнатилди.

— Мамлакатларимиз ўртасидаги алоқалар турли соҳаларда изчил ривожланиб бораётир, — дейди Хитой Халқ Республика-сининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сун Лицзе. — Ўзбек тили ҳамда маданиятини Хитойда ўргатишга қаратилган тадбирлар икки томонлама манфаатли муносабатларнинг ёрқин ифодасидир. Жумладан, ўтган йили Шанхай ва Шинжон университетларида “Ўзбек тили маркази” иш бошлади. Эътиборли томони, Самарқанд давлат чет тиллар институтининг салоҳиятли мутахассислари ушбу марказлар учун ўзбек тилини хитойлик ёшларга ўргатишга мўлжалланган дарсликлар яратишда амалий ёрдам бермоқдалар. Шунингдек, ҳамкорликда “Хитойча — ўзбекча луғат” ҳамда “Хитойча — инглизча — ўзбекча тематик тасвирий луғат” қўлланмаларини нашрга тайёрладилар.

Хитойлик мутахассислар билан биргаликда ишлаб чиқилаётган “Буюк Ипак йўли мамлакатлари лингвокультурологик атласи” мавзуидаги илмий лойиҳа эса тилшунослик ва маданиятшуносликдаги муҳим янгилик сифатида эътирофини топмоқда.

Тадбир шуъбаларга бўлинган ҳолда, ўз ишини давом эттирди. Унда юртимиз олимлари ҳамда хорижлик тадқиқотчиларнинг маърузалари тингланди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn