Иқтидор ва маҳорат кўриги
  • 18 Май 2016

Иқтидор ва маҳорат кўриги

Пойтахтимизда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасидаги “Ҳуқуқ билимдонлари” танловининг мамлакат босқичи ўз ниҳоясига етди.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда ташкил этилган мазкур интеллектуал беллашув ёшларимизнинг иқтидор ҳамда маҳоратини ҳар жиҳатдан синовдан ўтказди.

Иштирокчилар жамоаларга бўлинган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳалардаги ислоҳотларнинг аҳамияти, ҳуқуқшунослик бўйича тест синовлари топширдилар. Бу жараён олимлар, ҳуқуқшунослар, экспертлар, моҳир педагоглар томонидан кузатиб -борилди. Вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқий билимдонлик ва маданиятнинг аҳамиятига доир саҳна кўринишлари ҳам ҳавола этилди.

Танлов якунига кўра, Самарқанд вилоятининг “Юристлар” жамоаси биринчи, Қашқадарё вилоятининг “Ёш ҳуқуқшунослар” жамоаси иккинчи, Тошкент шаҳрининг “Фемида” жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади.

Шунингдек, қатнашчиларга Халқ таълими вазирлиги томонидан эсдалик совғалари топширилди.

Шу билан бирга, иштирокчиларнинг Мустақиллик майдони, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси ва Темурийлар тарихи Давлат музейига саёҳати уюштирилди.

Дилмурод СОДИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn