Ўзбек тили ва адабиёти тараққиётининг кўзгуси
  • 17 Май 2016

Ўзбек тили ва адабиёти тараққиётининг кўзгуси

Чорак асрдан зиёд вақт мобайнида мамлакатимизда Президентимиз 

Ислом Каримов раҳнамолигида маънавий-маърифий соҳаларда улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Ушбу йўналишдаги ишларнинг натижалари дилларимизни обод қилаяпти. Бу борадаги янгиланиш ва ўзгаришлар жаҳон аҳлининг ҳам ҳавасини келтираётир. Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 13 майдаги “Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони эса нафақат олим ва мутахассисларнинг, балки бутун халқимизнинг кўнглидаги гап бўлганлиги, шубҳасиз.

Фармоннинг илк жумлаларидаёқ мана бундай умумбашарий ҳақиқат таъкидланган: “Ҳар қайси халқнинг она тили ва адабиёти унинг миллий руҳи ва ўзлигининг, маданий-маърифий олами, миллий ғоясининг асоси ҳисобланади. Маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак — миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деган ҳикматли сўзлари ҳам бу фикрни яққол тасдиқлайди”.

Чиндан ҳам, миллат бутунлиги ва боқийлигини таъминлайдиган беназир мезон она тилидир. У халқ тафаккур тарзининг тамалида туради, миллий маънавият, миллий ўзлик деган теран тушунчаларнинг тириклигига тиргак тутади. Қадим илдизлардан озиқланган ўзбек тилининг табиати ҳамда мантиғида халқимизнинг савияси ва тафаккур тарзи ўз тажассумини топган.

Она тилида ўйлай биладиган одамгина шу тил эгаси бўлган халққа мансублигидан, бу халқнинг тарихидан, аждодларининг буюклигидан ифтихор қила олади, бу халқнинг бугуни ва эртасига собит ишонч билан қарайди, келажаги порлоқ бўлиши учун ҳаётию жонини бағишлашни муқаддас бурч, деб билади. Ана шундай одамгина миллат ҳамиятини мунтазам қўримоқдай улуғвор вазифага ҳамиша ҳозир бўлади. Демак, Фармонда таъкидланганидек, миллий ғоянинг мағзини тил, она тили ташкил этади.

Ўзбек тили не-не талатўплардан эсон-омон ўтиб келаётган забардаст ва ўлмас тилдир.

Фармонда тилимизнинг фазлу камоли учун бемисл ҳисса қўшган буюк адиб ва алломаларимизнинг муборак номлари мамнуният билан қайд этилган. Узоқ тарих қаърида қолган “тил босқинларида” таровату синоатини заррача бой бермай, матонат билан ўзлигини асраган тилимиз буюк Алишер Навоий қаламининг қудрати билан рангинлик касб этди. -Бетакрор Чўлпоннинг чин чеварлигидан “ипакдан кўйлаклар кийди”.

Мамнуният билан таъкидлаш жоизки, ўзбек тили ўтган асрнинг мудҳиш мажбурловлари, очиқча қийноқ-қистовларига бўй бермади. Мустабид тузум даврида ўзбек тилини эгишга қасд қилсалар-да, синмади. Истиқлол эпкинлари боис давлат тили деган қонуний мақом берилган ўзбек тили ўзининг эмин-эркин тараққиёт ўзанларига тушиб олди.

Ҳақли равишда айтилганидек, “Биз аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган бебаҳо бойликнинг ворислари сифатида она тилимизни асраб-авайлаш, уни бойитиш, нуфузини оширишни ўзимиз учун энг устувор, узвий давом этадиган юксак мақсад деб билишимиз ва бу масаланинг аҳамияти ҳеч қачон эътиборимиздан четда қолмаслиги зарур”.

Ташкил этилажак университетнинг мақсади Фармонда аниқ белгилаб берилган, яъни: “Ҳозирги тез ўзгараётган глобаллашув даврида ўзбек тили ва адабиётининг ўзига хос бетакрор хусусиятлари, тарихий тараққиёти, унинг бугунги ҳолати ва истиқболи билан боғлиқ масалаларни чуқур ўрганиш, бу борада олиб борилаётган илмий тадқиқот ишлари самарадорлигини кучайтириш, таълим-тарбия тизимининг барча бўғинларида ўзбек тили ва адабиёти фанини ўқитишнинг ҳамда ушбу соҳа бўйича юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг сифатини тубдан ошириш”. Бу мақсадларни рўёбга чиқаришнинг аниқ моҳиятига мувофиқ, университет таркибида учта факультет, яъни ўзбек филологияси, ўзбек тили ва адабиётини ўқитиш ҳамда ўзбек-инглиз таржима факультетлари, шунингдек, ўзбекшунослик илмининг мағзини юзага келтирадиган тилшунослик, адабиётшунослик ва фольклоршуносликнинг бугунги долзарб масалаларини тадқиқ этадиган Ўзбек тили ва адабиёти илмий-тадқиқот институти фаолияти йўлга қўйилади.

Университет таркибида аввалги Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи негизида ташкил этилажак Ўзбек тили ва адабиёти музейи ўзбекшунослик илми ютуқларининг тар-ғиби ҳамда ташвиқи билан машғул бўлади. Айтиш жоизки, дунё тажрибасида тарих, адабиёт, табиат, ўлкашунослик каби бир қатор музейчилик анъаналари мавжуд, аммо муайян тил музейи тушунчаси деярли йўқ. Ўзбек тили ва адабиёти музейи, шу маънода ўзига хос ҳамда янги тажриба бўлиб, у қадимий тилимизнинг милоддан илгариларга бориб тақаладиган илдизларини, турли ашёларда муҳрланган далилларни ва бошқа манбаларни ҳам намойиш қилиш имконини беради.

Олис тарихнинг зарварақларида халқимиз салоҳияти маҳсули ўлароқ, дунё тамаддунига қўшилган кашфиётлар ўзга тиллар шамойилига мослаштирилиб, машҳурлашганини биламиз. Масалан, улуғ бобокалонимиз Хоразмий кашф қилган математик қонуният бугун хорижда “алгоритм” номи билан маълумки, бу ном бобомизнинг арабча “Ал-Хоразмий” тарзидаги исми нисбасининг ғарбча талаффузи натижасидир. Бугун дунё ўзбекни тилидан таниётгани рост гап ва бу барчамизнинг кўнглимизга фахру ифтихор солиши мутлақо табиий.

 

Умуман айтганда, давлатимиз раҳбарининг мазкур Фармони нафақат мамлакатимизда яна бир олий ўқув юртини ташкил этиш ҳақидаги ҳужжат, шу билан бирга, халқимиз маънавий-маърифий ҳаётидаги тарихий воқеадир. Чунки унда белгиланган кенг қамровли тадбирлар тилимизни онадек эъзозлаш, тилимиз ва адабиётимиз тимсолида кимлигимизни янада чуқурроқ англаш, миллий ўзлигимизни мунтазам асраш, айни пайтда дунёга танитиш каби улуғвор ниятларнинг жадал рўёбига қаратилганлиги билан беҳад қадрлидир.

Низомиддин МАҲМУДОВ,

филология фанлари доктори,

профессор. 

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn