«Ҳуқуқ билимдонлари»
  • 14 Май 2016

«Ҳуқуқ билимдонлари»

Пойтахтимизда умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида “Ҳуқуқ билимдонлари” танловининг мамлакат босқичи бошланди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда таъкидланганидек, юртимизда ёшларнинг замонавий таълим-тарбия олишлари, иқтидорларини кенг намойиш қилишлари учун барча имконият яратилган. Мазкур жараёнда ўқувчиларнинг ҳуқуқий билимини мустаҳкамлаш, шу билан бирга, уларни жамиятда фаол, қатъий фуқаролик позициясига эга, мамлакат равнақига муносиб ҳисса қўшишни фарзандлик бурчи, деб биладиган авлод этиб тарбиялашга ҳам алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Адлия, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати билан ҳамкорликда 2014 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ҳуқуқ билимдонлари” интеллектуал беллашуви ҳам ушбу мақсадлар рўёбига хизмат қилмоқда.

Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида ташкил этилган мазкур танлов жорий йилда тўрт босқичда амалга оширилаяпти. Жумладан, март ойида бўлиб ўтган саралаш босқичида тўққиз юз мингга яқин ўқувчи-ёшлар ўз иқтидорини синовдан ўтказди. Танловнинг иккинчи босқичида қарийб эллик минг ўқувчидан иборат мактаб жамоаларидан 965 нафар ўқувчи асосидаги туман (шаҳар) гуруҳлари шакллантирилди. 

Республика босқичида эса ўн тўртта ҳудудий босқичда муносиб қатнашиб, ғолибликни қўлга киритган жами 70 нафар ўғил-қиздан иборат жамоалар ўзаро беллашмоқда.

Иштирокчилар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг мазмун-моҳияти, мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларнинг аҳамияти, ҳуқуқшуносликка оид тест синовларидан ўтаяпти. Шунингдек, жамоалар томонидан вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, ҳуқуқий маданиятнинг аҳамиятига доир саҳна кўринишлари ҳам йиғилганлар эътиборига ҳавола этилаяпти.

— Беллашувда бор билим ҳамда маҳоратимизни ишга солаяпмиз, — дейди Навоий вилоятининг Кармана туманидаги 18-умумий ўрта таълим мактаби 9-синф ўқувчиси Шаҳло Усмонқулова. — Ушбу жараёнда янада чуқур англаяпмизки, юртимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳамиша устувор. Истиқлол инъоми бўлган бу олий қадриятлар она-Ватанимизнинг тинч-осудалиги, юртдошларимиз орзуларининг ижобатида ўз аксини топмоқда. Биз, ёшларнинг дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай камол топишимиз учун барча шарт-шароит муҳайё қилинган. Ушбу меҳр ва ғамхўрликнинг қадрига етиш ҳаммамизнинг бурчимиздир.

Дилмурод СОДИҚОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn