Солиқ билимдонлари беллашуви
  • 29 Апрель 2016

Солиқ билимдонлари беллашуви

Кеча Тошкент солиқ коллежида умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари ўртасидаги “Солиқ билимлари — болаларга” кўрик-танловининг республика босқичи бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Халқ таълими, Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан ҳамкорликда ташкил этилган ушбу тадбирдан кўзланган мақсад, ёшларнинг солиқ соҳасига бўлган қизиқишини ошириш, солиқлар ва солиқ тўловларининг ижтимоий аҳамиятини тушунтириш, ҳуқуқий билимларини бойитишдан иборат.

Айтиш жоизки, диёримизда эртамиз эгаларининг солиқ соҳасига оид кўникмаларини юксалтириш борасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Олий ва ўрта махсус таълим, Халқ таълими вазирликлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ўқув-режасига асосан, мактабларнинг 1 — 4-синф ўқувчилари учун “Иқтисодиёт ва солиқ алифбоси”, 

5 — 7-синфларга “Иқтисодиёт ва солиқ сабоқлари”, 8-9-синфлар учун “Солиққа тортиш асослари”, шунингдек, олий ўқув юртлари талабаларига мўлжалланган “Солиқ ва солиққа тортиш” ўқув қўлланмаси яратилгани, коллежларда эса “Тадбиркорлик ва бизнес асослари” дарслигига “Тадбиркорлик субъектларини солиққа тортиш тартиби” номли янги боб киритилгани ана шундай саъй-ҳаракатлар самарасидир.

— Солиқ соҳасидаги янгиликлар билан  ёшларни яқиндан таништиришда турли семинар ва кўрик-танловларнинг ташкил этилаётгани ҳам кутилган натижаларни бермоқда, — дейди Тошкент солиқ коллежи директори Баҳриддин Зайниддинов. — Ўқувчиларнинг солиқ маданиятини шакллантириш ҳамда солиқ қонунчилиги бўйича эгаллаган билими даражасини аниқлаш мақсадида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Солиқ билимлари — болаларга!” ижодий беллашуви ана шундай тадбирлар сирасига киради. Мазкур тадбирда иштирокчилар сони йил сайин ортиб бораётгани диққатга сазовордир.

Кўрик-танлов якунида Урганч шаҳридаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Сардор Салимовнинг “Солиқ мавзусининг суратдаги тасвири” номинацияси бўйича тақдим этган сурати, Термиз шаҳридаги 12-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиси Моҳларойим Аҳмедованинг мавзуга доир ҳикоялари, Тошкент солиқ коллежи ўқувчиси Муҳайё Тоҳированинг “Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсати” мавзуидаги иншоси, мазкур таълим муассасасининг яна бир вакили Руслан Яковлевнинг “Солиқлар нима учун тўланади ва нималарга сарфланади?” мавзуидаги видеоролиги ҳакамлар ҳайъати томонидан юқори баҳоланди.

ўолиб ҳамда совриндорлар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn