Битирувчилар учун муносиб таклиф
  • 28 Апрель 2016

Битирувчилар учун муносиб таклиф

Бухоро давлат университетида “Карьера куни — 2016” ярмаркаси ўтказилди. Аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса, битирувчиларни ишга жойлаштириш мақсадида ташкил қилинган мазкур анъанавий тадбирда шаҳардаги барча олий ўқув юрти фаол қатнашди. Унда воҳадаги 300 га яқин корхона ва ташкилотлар 500 та бўш иш ўрни билан иштирок этди.

— Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган дастурга мувофиқ, йигит-қизларни иш билан таъминлаш, уларнинг -интилиш ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасида вилоятимизда кенг кўламли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда, — дейди Бухоро давлат университети маркетинг бўлими раҳбари Бахтиёр Адизов. — Мазкур йўналишда халқаро тажрибалардан ҳам унумли фойдаланишга ҳаракат қилаяпмиз. Жумладан, муассасамиз “Темпус” дастурининг олий ўқув юртларида карьера марказлари фаолиятини кучайтириш ҳамда битирувчиларга сифатли иш жойларини яратишга қаратилган лойиҳаси ғолиби саналади.

Мутахассисларимиз бу борада Европа тажрибасини ўрганиб, марказимиз фаолияти самарадорлигини ошираяптилар. Мазкур ярмаркада талабаларимиз иштирокида 128 та уч томонлама шартнома тузилди.

Тадбирда иш берувчилар малакали кадрлар орасидан энг муносибларини танлаб олиш, улар захирасини яратиш имконига эга бўлдилар. Ўз навбатида, ташкилотчилар ва соҳа мутахассислари томонидан қатнашчиларнинг меҳнат қонунчилигига оид саволларига атрофлича жавоблар берилди. Битирувчилар, олий ўқув юрти ҳамда иш берувчилар ўртасида жами 

200 дан зиёд уч томонлама шартномалар тузилди.

 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири. 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn