АКТ соҳасидаги самарали ҳамкорлик
  • 19 Апрель 2016

АКТ соҳасидаги самарали ҳамкорлик

Тошкентда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган илмий-амалий форум бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Тошкент шаҳридаги Инҳа университети томонидан ташкил этилган ушбу тадбирда икки мамлакатнинг АКТ соҳаси учун масъул идоралари, нуфузли ташкилот ҳамда компаниялари раҳбарлари, мутахассислар ва ёшлар  қатнашди. 

Маълумки, мамлакатимизни 2015 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2016 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисида бугунги шароитда интернет ва электроника даврида иқтисодиёт тармоқларида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш, “Электрон ҳукумат” тизими фаолиятини янада ривожлантириш устувор аҳамиятга эгалиги қайд этилган эди.

Шу нуқтаи назардан, юртимиз ҳаётининг турли жабҳаларини ахборотлаштириш жараёнида илғор давлатлар тажрибаларини ўрганиш, улар билан ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Хусусан, юқори технологиялар соҳасида етакчи давлатлардан бири бўлган Корея Республикаси билан бу борада алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораяпти.

Жанубий кореялик мутахассислар “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш масаласида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига техник жиҳатдан кўмаклашмоқда. Зеро, ушбу давлат “Электрон ҳукумат”нинг ривожланиш даражаси бўйича, мана, бир неча йилдирки, БМТнинг жаҳон рейтингида етакчилик қилиб келаётир. 

Форумнинг дастлабки қисмида ишбилармон доиралар ҳамда олий ўқув юртлари ўртасида юқори малакали IT-мутахассисларни тайёрлаш борасидаги ҳамкорлик масала-лари муҳокама этилди. 

Тадбир давомида “LG CNS Uzbekistan” Ўзбекистон — Корея Республикаси қўшма корхонаси директорининг ўринбосари Жи Вук Ким сўзга чиқиб, дастурий маҳсулотлар яратиш ва ишлаб чиқиш соҳасидаги ҳамкорлик ҳам изчил ривожланаётганини таъкидлади. 

Тақдимотларда иштирокчилар Корея Республикасида АКТнинг ривожланиш босқичлари билан яқиндан танишиб, IT-бозоридаги етакчи компанияларнинг технологик ҳамда бизнес йўналишлари ҳақидаги маълумотларга эга бўлишди.

Форум доирасида Тошкент шаҳридаги Инҳа университетида Маслаҳат кенгашини ташкил этиш бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланди. 

 

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn