Электрон таълим
  • 06 Апрель 2016

Электрон таълим

ўқитиш сифатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда

Бугунги кунда таълим жараёнига ахборот-коммуникация ва илғор педагогик технологиялар, электрон дарсликлар, мультимедиа воситалари кенг жорий этилаётгани ўқитиш сифатини юксалтиришга хизмат қилмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг 2006 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Мультимедиа -умумтаълим дастурларини ривожлантириш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида тузилган Марказимиз ҳам ана шу мақсад йўлида фаолият юритаяпти. 

Бу ерда мультимедиа дастурларини яратиш, ривожлантириш ҳамда оммалаштириш, уларни тизимга самарали татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Чунончи, Республика таълим маркази ҳамда дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқишга ихтисослаштирилган ҳудудий корхоналар билан ҳамкорликда умумтаълим мактаблари учун мультимедиа воситалари,  ўқув адабиётлари  ва  қўлланмаларнинг электрон нусхалари амалиётга жорий этилмоқда. Халқ таълими вазирлигининг расмий веб-сайти (www.uzedu.uz) янгиланди. Натижада унинг “Таълим” бўлимида мактабгача таълим муассасалари, мактаблар, мусиқа ва санъат, спорт мактабларига қабул қилиш учун керакли ҳужжатлар рўйхати ҳамда ариза шаклларининг электрон кўринишларини юклаб олиш имконияти яратилди. Болалар мусиқа ва санъат мактаблари, спорт мактаблари ҳамда “Баркамол авлод” марказлари учун “Мактабдан ташқари таълим” ахборот тизими ишга туширилиб, у “Е-Maktab” ягона ахборот тизимига жойлаштирилди. 

Бугунги кунда халқ таълими тизимида жами 493 номдаги электрон ахборот-таълим ре-сурслари амалиётга жорий этилган. Жумладан, 374 номдаги электрон дарслик, видео ҳамда аудиодарслар, интерактив ва анимацияли виртуал лаборатория ишлари, тестлар ҳамда бошқа қўшимча ресурслар Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази томонидан тайёрланди. Мазкур методик қўлланмалар ва -ахборот-таълим ресурслари вазирликнинг www.eduportal.uz ахборот-таълим порталининг “Электрон кутубхона” бўлимига жойлаштирилган.

Президентимизнинг 2012 йил 10 декабрдаги “Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  қарори асосида порталда “Хорижий тилларни ўрганамиз” номли бўлим ҳам ташкил этилган. Унга жойлаштирилган турли қизиқарли ўйинлар, таълим ресурслари ўқувчиларга хорижий тилларни тез ҳамда осон ўрганиш имкониятини беради. Бинобарин, ўтган ўқув йилларида 1, 2 ва 3-синфлар учун инглиз, француз, немис тилидан электрон ахборот таълим ресурслари, 5, 6, 7, 8 ва 9-синфларга аудиодарслар тайёрланиб, таълим тизимига жорий этилди.

Айни пайтда 4-синф учун инглиз, француз, немис тилларидан электрон ахборот таълим ресурси, 7-синфга эса аудиодарслар яратилиб, таълим муассасаларига етказилди. 1-синфга мўлжалланган инглиз тили дарслиги янада такомиллаштирилди, “Kids` English-3”, немис тили фанидан “Deutсsh macht SpaB-3” ва француз тили фанидан “Hirondelle-3” -номларидаги мультимедиа иловалари диск шаклида кўпайтирилди ва тарқатилди. 

Умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари учун дарсликлар ҳамда методик қўлланмаларнинг электрон нусхалари сайтга жойлаштирилгани, ҳар йили янги авлод дарсликлари билан алмаштириб борилаётгани ҳам фойдаланувчилар учун қулайлик яратмоқда. Ўз навбатида, соҳа мутахассислари иштирокида семинар-тренинглар, видеоўқувлар ташкил этилаётгани уларни илғор тажрибалар билан таништириш имконини бераяпти. 

Яна бир янгилик шуки, ўқув муассасалари фаолиятига кенг жамоатчиликни жалб этиш, амалга оширилаётган ишлар билан ота-оналарни таништириб бориш мақсадида “Халқ таълими тизимидаги энг яхши веб-сайтлар” кўрик-танлови ҳам ўтказиб келинаётир. Бу эса ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида ўз шахсий веб-сайтларини яратишга қизиқишни кучайтириш, ахборот технологияларидан янада самарали фойдаланилишини таъминлаш, ўғил-қизларда АКТ билан боғлиқ касбларга ҳавас уйғотишга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Козимбек ҒОФУРОВ,

Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги Мультимедиа умумтаълим дастурларини ривожлантириш маркази директори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn