«Таълим ва мутахассислик»
  • 01 Апрель 2016

«Таълим ва мутахассислик»

Пойтахтимизда ана шу мавзуга бағишлаб ташкил этилган навбатдаги кўргазмада ёшларимиз ўзлари қизиққан соҳалар бўйича батафсил маълумот олишмоқда.

Мамлакатимизда ёш авлодга жаҳон андозалари даражасида таълим беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, “Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида бу йўналишда кенг кўламли ишлар амалга оширилаяпти. Кўплаб янги мактаб, коллеж, лицейлар, олий ўқув юртлари барпо этилиб, улар илғор ахборот технологиялари, ўқув-услубий воситалар билан таъминланаётир.

Юртбошимиз Наврўз байрамига бағишланган тантанали маросимдаги табрик сўзида ҳам эртамиз эгалари ҳақида тўхталиб, жумладан, шундай деди: “Бизнинг таянчимиз ва суянчимиз бўлмиш Ўзбекистон ёшларига қарата айтмоқчиман: бошимиздан кечираётган, шиддат билан ўзгариб, тобора мураккаблашиб бораётган давр барчамизнинг, биринчи навбатда, сиз, азиз фарзандларимизнинг олдига замонавий билим ва касб-ҳунарларни, -интеллектуал бойликларни чуқур эгаллаш, шу билан бирга, мамлакатимизнинг халқаро майдонда рақобатдошлигини янги босқичга кўтариш, иқтисодиётимизни янгилаш, модернизация ва диверсификация қилиш, буларни тараққиётимизнинг локомотивига айлантириш каби вазифаларни қўймоқда”. 

Дарҳақиқат, мана шу фикрлар замирида ҳам фарзандларимизни келажакка тайёрлаш, уларга ғамхўрликни янада кучайтириш, замонавий асосда таълим-тарбия олишлари учун кенг имконият яратиш, пировардида ўз соҳасининг моҳир мутахассиси бўлиб етишишларини таъминлаш каби бошқа кўплаб долзарб масалалар мужассам, десак, янглишмаймиз.

Кеча пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида бошланган “Таълим ва мутахассислик — 2016” 14-халқаро кўргазмаси ана шу эзгу мақсадларга қаратилгани билан янада аҳамиятлидир.

Мазкур анжуман давлатимиз раҳбарининг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Олий ва ўрта махсус таълим, Меҳнат вазирликлари, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мамлакатимиз ёшларини Ўзбекистон ва хорижий давлатлар таълим тизими билан яқиндан таништириш, ўғил-қизларимизнинг қизиққан соҳалари бўйича таълим муассасаларини танлашларига кўмаклашиш ҳамда мутахассислик фаолиятидаги маълум йўналишлар бўйича иш ўринларини тақдим этишга хизмат қилаётган ушбу тадбирнинг нуфузи йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, ўтган йилларда иштирокчиларнинг 25 фоизи айни шу лойиҳа туфайли ўзларини қизиқтирган олий ўқув юртлари ва келгусида эгаллайдиган мутахассисликларини танлаш имконига эга бўлган. Бундан ташқари, бу ердаги бўш иш ўринлари ярмаркасида икки мингдан зиёд йигит-қизлар доимий иш билан таъминланаётгани ҳам қувонарлидир.

Жорий йилги халқаро анжуманда мамлакатимиз билан бирга, Сингапур, Германия, АҚШ, Польша, Буюк Британия, Хитой, Латвия, Малайзия, Испания, Канада, Швейцария каби қатор давлатлар етакчи олий таълим муассасалари, иш берувчилар, турли марказлар қатнашаётганини таъкидлаш жоиз. 

...Ёшлар ижод саройининг биринчи қаватида юртимиздаги турли корхоналар, Меҳнат вазирлигининг Тошкент шаҳридаги бандликка кўмаклашувчи марказлари стендлари жойлаштирилган бўлса, мажмуанинг иккинчи қаватида юртимиздаги олий ўқув юртлари, хорижий таълим муассасалари ҳақида тақдимотлар намойиш этилаётир. 

— Ўзбекистон билан Германия ўртасидаги дўстона муносабатлар барча соҳада, жумладан, таълим йўналишида ҳам изчил ривожланиб бораётганидан хурсандмиз, — дейди Германиядаги “ISL Sprachschule” номли хорижий тиллар мактабининг маркетинг бўйича директори Катя Фридель. — Бизнинг таълим масканимиз мамлакатимиздаги олий ўқув юртларига кириш учун ўқувчиларни тайёрлайди. Таҳсил тўққиз ой давом этади. -Муассасамизга кириш учун академик лицейни тамомлаш ва немис тилини билиш талаб қилинади. 

Кўргазма қатнашчиларининг аксарияти Осиё давлатларидаги хорижий олий ўқув -юртларига қизиқиш билдираётгани диққатимизни тортди. Чунончи, Хитойнинг Ланьчжоу технология университети координатори Цуй Лихоннинг айтишича, мазкур таълим муассасасига ҳар йили юртимиздан 30 га яқин йигит-қиз ўқишга кирар экан. 

“Таълим ва мутахассислик” 14-халқаро кўргазмаси 2 апрелга қадар давом этади.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Бахтиёр АКРАМОВ ва 

Ҳасан ПАЙДОЕВ 

олган суратлар.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn