Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкамланмоқда
  • 26 Март 2016

Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси мустаҳкамланмоқда

Наманган шаҳрида IX Инновацион ғоялар, технологиялар ва лойиҳалар ҳудудий ярмаркаси бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Кўргазмада Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг бир қатор тадқиқот институтлари, олий таълим муассасалари, илмий-ишлаб чиқариш ҳамда тажриба-конструкторлик муассасалари вакиллари, шунингдек, талабалар янги ишланма ҳамда ғоялари билан қатнашди.
Анжуманнинг очилиш маросимида сўзга чиққанлар Президентимизнинг 2008 йил 15 июлдаги “Инновацион лойиҳалар ва технологияларни ишлаб чиқаришга татбиқ этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори илм-фан ҳамда ишлаб чиқариш интеграциясини мустаҳкамлашда муҳим омил бўлаётганини таъкидладилар.
Қайта тикланувчи энергия манбалари, маҳаллий хом ашёдан янги  маҳсулотлар тайёрлаш, тежамкор технологияларни жорий этиш, мева-сабзавотларни сақлаш, қайта ишлаш, экинларнинг янада ҳосилдор навларини яратиш, тупроқ унумдорлигини ошириш, ўсимликларни зараркунандалардан ҳимоялаш каби қатор йўналишлар бўйича таклиф қилинган лойиҳалар ташриф буюрганларда катта қизиқиш уйғотди. Эътиборли жиҳати, тақдим этилган ихтиролар тўлиқ маҳаллий хом ашё ва материаллар асосида яратилганлиги уларнинг қийматини янада оширади.— Олий ўқув юртимиз олимлари ҳамда талабалари илмий изланишлар кўламини йилдан-йилга кенгайтириб бормоқдалар, — дейди Наманган муҳандислик-педагогика институти ректори Пахриддин Маткаримов. — Мазкур кўргазмада ҳам улар ўзларининг ўнлаб ишланмалари билан қатнашди. Масалан, технологик машиналар ва жиҳозлар кафедраси тадқиқотчилари ерёнғоқ ҳосилини йиғиштирадиган агрегатни намойиш этдилар. Унинг тажриба нусхаси синовдан ўтказилди. Ушбу жараёнда аниқланган камчиликларни бартараф қилиш устида иш олиб борилмоқда. Яна бир гуруҳ олимларимиз таклиф этган технология эса оқова сувларни тозалаб, биологик ўғит ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Шунингдек, талабаларимиз ўз устозлари кўмагида яратган қуёш энергиясида ишлайдиган сув иситиш қурилмаси ҳам кўпчиликнинг эътиборига тушди.
Кўргазма якунида илғор ишланма ва технологияларни иқтисодиётнинг турли тармоқларига жорий этиш юзасидан ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Нурбек АБДУЛЛАЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn