«Ўзбекистон — улкан интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат»
  • 24 Март 2016

«Ўзбекистон — улкан интеллектуал салоҳиятга эга мамлакат»

Таълим соҳасини янада такомиллаштириш, хориждаги етакчи таълим муассасалари билан ўзаро тажриба алмашиш, шунингдек, бу борадаги илғор технологияларни ўрганиш мақсадида мамлакатимизнинг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги делегацияси яқинда Буюк Британияда бўлди.

Соҳада ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, мазкур давлатнинг инновация фаолиятини ривожлантириш борасидаги илғор тажрибасини ўрганиш доирасида Кембриж университетига сафар уюштирилди. Маълумки, ушбу университет бугунги кунда мазкур йўналишда дунёда етакчи ўринни эгаллайди. Кўпгина таниқли сиёсатчилар, иқтисодчи ҳамда академиклар шу ерда таҳсил олишган, улар орасида Нобель мукофотининг 89 нафар соҳиби бор. Айни пайтда университетда 18 мингдан зиёд талаба ўқимоқда.
Университетнинг етакчи профессорлари билан бўлиб ўтган маслаҳатлашув чоғида икки томонлама ҳамкорлик, илмий тадқиқот ва тажриба-конструкторлик соҳасида тажриба алмашиш, таълим стандартларини, айниқса, табиий фанлар йўналишида қўллашга доир қатор масалалар муҳокама этилди.
Юртимиз ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўртоқлашар экан, халқаро муносабатлар соҳасидаги машҳур олим, профессор Питер Нолан Ўзбекистон замини жаҳон цивилизацияси ривожига улкан ҳисса қўшган кўпгина буюк давлат арбоблари, олим ва мутафаккирларга бешик бўлганини таъкидлади. Шу ўринда олим 2014 йили “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг иштирокчиси сифатида мамлакатимиз бўйлаб сафарини илиқ сўзлар билан ёдга олди. П. Ноланнинг айтишича, мазкур халқаро тадбир халқнинг бой маданий-тарихий меросига алоҳида аҳамият берибгина қолмай, уни янада юқори даражада қайта тиклаш бўйича Ўзбекистон раҳбариятининг интилишини намоён этди.
Ўз навбатида, Jesus College Cambridge меъморчилик мактаби профессори Николас Рей Ўзбекистонда рўй бераётган кенг кўламли ўзгаришларни, айниқса, таълим ва илм-фанни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишларни юқори баҳолади. Олим Тошкентда Юқори технологиялар марказини таъсис этиш масалаларини муҳокама қилиш учун республикамиз бўйлаб сафари чоғида юртимизда улкан интеллектуал салоҳият мавжуд эканлигига амин бўлганини билдирди. Хусусан, мазкур марказ фаолиятини йўлга қўйиш мамлакатда таълим ва илм-фан тизимини такомиллаштиришдаги муҳим қадам ҳисобланиши баробарида, у чуқур интеграцияни ҳам таъминлайди, шунингдек, ўзбек олимларининг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширади.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари университетнинг Кавендиш лабораториясига бориш ҳамда квантум материя гуруҳи раҳбари, Trinity College профессори Гилберт Лонзарич билан учрашиш имконига ҳам эга бўлди. Олимнинг таъкидлашича, республикамиз улкан интеллектуал салоҳиятга эгадир. У юртимизнинг кадрлар тайёрлаш, халқаро даражада билим олишни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича стратегиясини ижобий баҳолади.
Шунингдек, давлатимиз делегацияси аъзолари британиялик ҳамкасбларини Ўзбекистонда олимлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, илмий институтларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирлар билан таништирди. Олиб борилаётган ислоҳотлар Ўзбекистон илм-фанининг нуфузини ошириш, мамлакатнинг инновацияга асосланган ҳолдаги ривожланишида тадқиқотчилар иштирокини янада кенгайтириш ҳамда жаҳон илм-фан ҳамжамиятига фаол интеграциялашиш мақсадини кўзда тутгани қайд этилди.
Алоҳида таъкидланганидек, республикада замон талаблари ва юқори стандартлар ҳисобга олинган ҳолда тузилган таълим тизими ёш авлод вакилларига ўз салоҳиятини намоён қилишлари учун кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Юксак самарадорликни кўрсатган бу тизим мамлакатнинг барқарор ривожланишига салмоқли ҳисса қўшаётган юқори малакали ҳамда профессионал кадрларни тайёрлашга кўмаклашаётир.

«Жаҳон» АА.
Лондон

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn