Пухта билим ва юқори малака
  • 19 Март 2016

Пухта билим ва юқори малака

фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ёритишда муҳим аҳамиятга эга

Маълумки, жойларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2016 йил 5 мартдаги қарори билан тасдиқланган 2016 йил май-июнь ойларида фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда ўтказишга доир Тадбирлар режаси ижросини таъминлаш доирасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари учун ўқув-семинарлар ўтказилмоқда.

“Фуқаролар йиғинлари раиси ва унинг маслаҳатчилари сайловининг очиқ ва ошкоралигини таъминлашда оммавий ахборот воситаларининг ўрни ва роли” мавзуидаги ҳудудий ўқув-семинарларнинг навбатдагиси Самарқанд шаҳрида ташкил этилди. Ўзбекистон мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди томонидан “Маҳалла” фонди ҳамда бошқа давлат органлари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда уюштирилган -тадбирда Самарқанд, Бухоро, Навоий вилоятларидаги маҳаллий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларида фаолият юритаётган журналистлар фуқаролар йиғинлари сайлови бўйича билимларини янада мустаҳкамлаш имконига эга бўлди.

Семинарда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Соғлиқни сақлаш, Ички ишлар, Халқ таълими вазирликлари, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, Республика Хотин-қизлар қўмитаси, Савдо-саноат палатаси ва бошқа қатор ҳамкор ташкилотлар мутахассислари ўз маърузалари билан иштирок этди.

Таъкидланганидек, 2016 йилнинг май-июнь ойларида бўлиб ўтадиган фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ижтимоий-иқтисодий ҳамда ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилган, давлат ва жамият қурилишининг барча жабҳаларини демократлаштириш ҳамда либераллаштириш ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш жараёнлари тобора чуқурлашиб бораётган бир шароитга тўғри келмоқда.

Ўтган давр мобайнида Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси талаблари асосида “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги ҳамда “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари янги таҳрирда қабул қилиниб, ҳаётга изчил татбиқ этилаяпти. Ушбу қонун ҳужжатларида фуқаролар йиғинлари раислари ва улар маслаҳатчилари сайлови тизимини такомиллаштириш, бу лавозимларга муносиб номзодларни сайлаш, аҳоли ижтимоий фаоллигини кучайтиришда маҳалланинг ролини янада оширишга қаратилган муҳим чора-тадбирларни назарда тутадиган ўзгариш ва қўшимчалар киритилди. 

Икки кун давомида журналистлар шулар хусусида атрофлича маълумот олишди.

— Бўлажак сайловда мамлакатимиз бўйича 9800 нафарга яқин фуқаролар йиғини раиси ва уларнинг 99 минг нафардан зиёд маслаҳатчилари сайланиши режалаштирилаяпти, — дейди “Самаркандский вестник” газетаси мухбири Юлдуз -Ҳайдарова. — Шунинг ўзиёқ мазкур тадбир муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга -эканини кўрсатиб турибди. Дарҳақиқат, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнининг барча босқичида фуқароларни бохабар қилиш, қонун ҳужжатлари нормалари мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг тарғиб этиш, аҳолининг бу борадаги -фаоллигини ошириш, қисқача айтганда, ушбу жараённинг демократик асосда ўтишини таъминлашда оммавий ахборот воситалари муҳим ўрин тутади. Бинобарин, фуқаролар йиғинларига бўлиб ўтадиган навбатдаги сайловга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш жараёнларини ўз вақтида, сифатли ёритиш вазифаси ҳар бир журналистдан юксак масъулият талаб қилади. Ўтказилган ўқув-семинарда олган билимларимиз бу борада бизга қўл келиши, шубҳасиз.

Тадбир иштирокчиларига сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб-таомиллар ҳақида маълумот берилди. Сайлов жараёнида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари тўла амалга оширилиши учун ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратиш, маҳалла сайловининг барча иштирокчиси томонидан амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилишини таъминлаш шулар жумласидандир.

— Бугунги анжуман биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди, — дейди “Кармана овози” газетаси мухбири Умид Худойқулов. — Семинарда фуқаролар йиғинлари раислари ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ҳақида атрофлича тушунча берилди. Бундан ташқари, республика, вилоят, шаҳар ва туман газеталарининг тажрибали -ходимлари ушбу жараёнларни қандай ёритиш, мавзуга холисона ёндашиш билан боғлиқ тажрибаларини ўртоқлашди. Бу фуқаролар йиғинлари сайловини кенг ёритишимизда айни муддаодир.

Шунингдек, семинарда фуқаролар йиғинлари фаолиятига оид мақолалар ва таҳлилий материалларни тайёрлаш ҳамда долзарб мавзуларни ёритиш каби масалалар бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn