Университет бош биноси фойдаланишга топширилди
  • 17 Март 2016

Университет бош биноси фойдаланишга топширилди

Бухоро давлат университети мамлакатимизнинг бой тарихга эга, илмий салоҳияти юқори олий ўқув юртларидан бири саналади. Айни дамда бу ерда 35 йўналишда 6246 нафар талаба, 14 мутахассислик бўйича 129 нафар магистр таълим олмоқда.

Кейинги йилларда университет моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, ташқи қиёфаси тубдан ўзгарди. Бунда Президентимизнинг 2011 йил 20 майдаги “Олий таълим муассасалари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаяпти. Қарорга мувофиқ, ўтган йили ўқув даргоҳининг 1700 ўринли 2-ўқув лаборатория биноси реконструкциядан чиқарилган эди. Наврўз байрами арафасида эса мазкур олий таълим муассасасининг бош биноси фойдаланишга топширилди. Шунингдек, талабалар тураржойи капитал таъмирланиб, университет музейи ташкил этилди. Қурилиш-таъмирлаш ишларига давлатимиз томонидан 11 миллиард сўм миқдорида маблағ сарфланди. Умуман, 2013 — 2016 йилларга мўлжалланган бунёдкорлик ишларига ажратилган маблағлар ҳажми 45 миллиард сўмдан зиёддир.

Шу муносабат билан ўтказилган тантанали маросимда сўзга чиққанлар янги бинонинг фойдаланишга топширилиши ёшлар таълим-тарбиясига кўрсатилаётган юксак ғамхўрликнинг яна бир ёрқин ифодаси эканини таъкидладилар.

Тадбир доирасида, шунингдек, бир қатор хорижий давлатлар ҳамда мамлакатимизнинг етакчи олимлари иштирокида “Юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари” мавзуида илмий-амалий анжуман ташкил этилди. Унда иқтисодиёт тармоқлари учун рақобатдош, салоҳиятли кадрлар тайёрлаш, олий таълим муассасаларида инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби йўналишлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

 

Истам ИБРОҲИМОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn