Истиқлол фарзандлари муваффақияти
  • 12 Март 2016

Истиқлол фарзандлари муваффақияти

Кипр Республикасининг Протарас шаҳрида математика фани бўйича бўлиб ўтган “SEEMOUS” ўнинчи халқаро олимпиадасида Ўзбекистон ёшлари иккита олтин медални қўлга киритди.

Мазкур интеллектуал беллашувда йигирмадан ортиқ мамлакатнинг 43 университет жамоасининг 150 дан зиёд талабалари иштирок этди. Мусобақа шартларига кўра, ёш математикларга бир кун давомида тўрттадан масалани ечиш топширилди. Улар алгебра ва сонлар назарияси, геометрия, математик анализ ҳамда комбинаторика каби мураккаб йўналишларни қамраб олганди.

Ўзбекистон Миллий университетининг механика-математика факультети талабалари Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов масалаларни ечишда ўзига хос усулни танладилар. Эътиборли жиҳати шундаки, уларнинг ёндашуви турлича бўлиб, анъанавийларидан фарқ қиларди. Айни шу жиҳат экспертлар томонидан алоҳида эътироф этилди.

Халқаро олимпиада натижаларига кўра, Ҳакимбой Эгамберганов ва Шоҳруҳ Ибрагимов биттадан олтин медалга лойиқ кўрилган бўлса, яна бир иқтидорли вакилимиз — Мирмуҳсин Маҳмудов махсус диплом билан тақдирланди.

Президентимиз 2014 йилнинг май ойида Самарқандда бўлиб ўтган “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзуидаги халқаро конференциянинг очилиш маросимида шундай деган эди: “Мен ёшларимизга мурожаат қилар эканман, уларга доимо: “Биз буюк аждодларимиз билан фахрланишимиз, ғурурланишимиз керак”, деб айтаман. Айни вақтда “Фақат ғурурланишнинг ўзи етарли эмас, келинглар, ўзимиз ҳам, -худди улар каби, мана шу — бебаҳо меросга ўз ҳиссамизни қўшайлик!” деб -такрорлайман”.

Бу қанотбахш сўзларга мазкур халқаро олимпиадада ёш иқтидорларимиз эришган муваффақият яна бир ёрқин мисолдир.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,

«Халқ сўзи» мухбири.

 

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn