Электрон хазина
  • 02 Апрель 2014

Электрон хазина

Тезкор ахборот олиш, жаҳонда кечаётган воқеа-ҳодисалардан хабардорлик ҳозирги замон кишиси учун муҳим эҳтиёжга айланган. Электрон кутубхоналар ана шу сингари заруратларни ўз вақтида, осон ва қулай тарзда қондиришга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети қошида ташкил этилган зиё масканида ҳам китобхонларга хизмат кўрсатишнинг янги, халқаро амалиётда синалган услублари ва илғор дастурий маҳсулотлар тизимли асосда жорий этилган. Президентимизнинг 2012 йил 5 сентябрдаги “Корея Республикаси Ҳукумати грантини жалб этган ҳолда “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ва Тошкент давлат шарқшунослик институтида электрон кутубхоналар яратиш” лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида фойдаланишга топширилган ушбу кутубхона замонавий, юқори самарали компьютер технологиялари билан жиҳозланган. Чунончи, юздан ортиқ компьютер жамланмаси, сканерлар, ўндан зиёд лазерли принтер ҳамда нусха кўпайтириш, муқовалаш аппаратлари мавжуд бўлиб, бу ерда маълумотларни ички ва узоқ масофадан туриб фойдаланишда тезкор ишлаш имкониятини таъминловчи автоматлаштириш тизими жорий этилган. Қолаверса, маълумотларни излаш, олиш учун визуал ҳамда виртуал ахборот тақдим этган ҳолда интерфаол ахборот воситалари, фаол панеллар, мониторлар орқали кутубхонадан фойдаланувчиларни хабардор қилишнинг замонавий тизими ҳам ишлаб турибди. Марказимизнинг Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхона ва бошқа бир қатор кутубхоналар, жумладан, хорижий ахборот-кутубхона муассасаларининг электрон ресурс базаси тармоғига уланиш имконияти мавжудлиги унинг қамрови нақадар кенг эканидан далолатдир.
Университетимиз қошида бундай электрон кутубхонанинг ишга туширилиши китобхонлар учун қатор қулайликлар туғдирди. Шунинг баробарида, ўқувчилар, айниқса, ёшлар, ушбу ҳудудда истиқомат қилувчилар интеллектуал ва маданий эҳтиёжларини юқори даражада қондириш имкониятига эга бўлдилар.
Таъкидлаш керакки, ҳар бир соҳада замонавий ахборот-коммуникация технологияларини пухта эгаллаган, салоҳиятли кадрларга эҳтиёж юқори бўлади. Шу боис ҳам тизимга АКТни жорий этиш жараёнида кутубхона фаолиятининг самарали бўлишини таъминлаш мақсадида ходимларимизнинг малакаси оширилди, кореялик мутахассислар ёрдамида янгича тизимда ишлаш услубияти ўргатилди. Айни пайтда университет ахборот-ресурс марказида мавжуд 300 минг нусхадан ортиқ дарслик, 450 мингга яқин ўқув қўлланма, 11 мингдан ортиқ илмий адабиётлар, шунингдек, 3,5 мингга яқин чет эл адабиётини электрон кутубхона тармоғига улаш ишлари давом этмоқда. Агар мавжуд адабиётлар, ҳужжат ва монографиялар тўлиқ электрон нусхага ўтказилса, нафақат ўқувчига, балки кутубхона ходимлари учун ҳам кўплаб қулайликлар юзага келади. Ўз-ўзидан аёнки, бундай шароитлар замирида ўқувчиларнинг миллий ва хорижий ахборот-кутубхона фондларидан эркин фойдаланиш, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган, замонавий ахборот-ресурс маркази сифатида самарали фаолиятини таъминлаш ётибди.
Электрон кутубхона марказида жамланган дурдоналар ўқувчиларни жаҳон адабиёти хазинаси билан таништириш, дунёда кечаётган фан янгиликлари ва воқеликлардан хабардор этиш, энг асосийси, билим ва салоҳиятларини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда. Зеро, қандай шаклда бўлишидан қатъи назар, китоб билан ошно тутинган инсонларнинг қалбида ҳамиша эзгулик яшайди.

Иброҳим ЙЎЛДОШЕВ,
Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ахборот-ресурс маркази директори,
филология фанлари доктори, профессор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn