Билим ва тажриба уйғунлиги
  • 10 Февраль 2016

Билим ва тажриба уйғунлиги

“Таълим тўғрисида”ги Қонун, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида кўзда тутилган вазифаларнинг ҳаётга изчил татбиқ қилиниши фарзандларимизга жаҳон талаблари даражасида замонавий билим бериш, илғор ўқитиш услубларидан фойдаланиш, янги илм даргоҳлари фаолиятини йўлга қўйиш, қисқача айтганда, ёш авлодни баркамол вояга етказиш имкониятини яратди.

Президентимизнинг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимиз олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва тажрибасини муттасил юксалтириб бориш, уларни бугунги кун талабларига мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг такомиллаштирилган тизимини жорий этиш асосида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Мазкур ҳужжатда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, ҳозирги пайтда ижтимоий-иқтисодий кўникмага эга, маънавияти юксак, дунёқараши кенг педагог-кадрларни тайёрлаш масаласига муҳим вазифа сифатида қаралмоқда. Агар замонавий тиббиётдаги янгилик ва ўзгаришларни ҳисобга оладиган бўлсак, ўз билими ҳамда малакасини мунтазам оширмаган мазкур йўналишдаги педагоглар таълимдаги, шунингдек, клиник бошқарув соҳасидаги ўзгаришларга тез мослаша олмаслиги мумкин.
Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тармоқ маркази ҳам бугунги кунда соҳа ходимлари билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашда алоҳида ўринга эга. Яқинда республикамизнинг тиббиётга ихтисослаштирилган турли олий ўқув юртларидаги бир гуруҳ ўқитувчилар ушбу марказда таҳсил олдик. Терапия, хирургия, олий маълумотли ҳамшира, педиатрия, тиббий биология йўналишлари бўйича ташкил этилган машғулотларга замонавий билим ва бой касбий тажрибага эга бўлган мутахассислар, амалиётчилар жалб этилди. Уларнинг соҳадаги сўнгги инновациялар билан боғлиқ маърузалари, педагогик ҳамда ахборот технологиялари асосида олиб борилган машғулотлари барчамизда катта таассурот қолдирди.
Машғулотларнинг ўзига хос яна бир жиҳати халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида қилинган маърузалар бўлди. Жумладан, ўқиш мобайнида биз, ўзбекистонлик тиббий-педагоглар Жанубий Корея, Германия, Япония, АҚШ давлатлари мутахассислари иштирокидаги халқаро конференцияда қатнашдик. Шунингдек, Жанубий кореялик профессор Хан Дюк Жонг,  япониялик олим Миеко Ябути,  германиялик мутахассис Ян Герд Кюхлинг ва италиялик Пеер Жоржио Вассананинг чиқишини катта қизиқиш билан тингладик. Япониялик олим Тошихиро Уеданинг “Ўткир ишемик ва геморрагик инсультнинг замонавий тромболитик даволаш усуллари” мавзуидаги маърузаси кўпчилик ҳамкасбларимизнинг диққат-эътиборини тортди. Жумладан, машғулотларда қатнашган Андижон давлат тиббиёт институти доценти Бахтиёр Жўрабоев шундай деди:
— Қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларида уюштирилган машғулотлар тажрибамизни янада бойитди. Хорижлик ҳамкасбларимиз билан учрашувлар, интеграл маърузалар ҳамда  “Маҳорат дарслари”нинг ташкил этилиши тиббиёт соҳасидаги замонавий диагностика ва даволаш усуллари билан боғлиқ йўналишларда ўзаро тажриба алмашишимизга қулай муҳит яратди. Мазкур ўқув курсларининг яна бир ижобий жиҳати, бу педагогик амалиётнинг жорий этилганидир. 
— Марказда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қўл келди, — дейди Тошкент тиббиёт академияси доценти Ўтамурод Хужманов. — Чет тили  хонаси лингафон  билан жиҳозланган. Бундай шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, билимларимизни янада бойитганимиздан мамнунмиз.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, қайта тайёрлаш ва малака ошириш курсларининг ташкил этилиши тиббий-педагоглар салоҳиятини янада юксалтиришга хизмат қилиши, шубҳасиз.

Қодиржон СОЛИЕВ,
Андижон давлат тиббиёт институти профессори.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn