Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш
  • 05 Февраль 2016

Педагог кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш

таълим сифатини янада оширишнинг муҳим омилидир

Кеча Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигида “Олий -таълим муассасаларида илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш” мавзуида видеоконференция бўлиб ўтди.
Унда педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича барча минтақавий ҳамда тармоқ марказлари тингловчилари билан бирга Европа олий таълим муассасалари вакиллари, профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлар қатнашди.
Тадбир Президентимизнинг 2015 йил 12 июндаги “Олий таълим муассасаларининг раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш, бу борада мутасадди вазирлик ҳамда идоралар, олий ўқув юртлари ва жамоат ташкилотлари ўртасида изчил ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилди.
Таъкидланганидек, мустақиллик йилларида олий таълим тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг миқёсдаги ишларнинг амалга оширилиши натижасида мамлакатимиз олий таълим муассасалари салоҳиятли илмий ва педагогик таркибга, илғор ўқув-дастурий асосга, моддий-техника база ҳамда ўқув-илмий лабораторияларга эга таълим масканлари сифатида самарали фаолият кўрсатмоқда. “Таълим тўғрисида”ги Қонун ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастури юртимизда малакали кадрлар тайёрлашнинг янги, бугунги кун талабларига тўла жавоб берадиган миллий моделини яратишда муҳим омил бўлди.
Шу билан бирга, олий малакали илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш ҳамда аттестациядан ўтказиш тизими Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида босқичма-босқич такомиллаштириб борилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг юқорида қайд этилган Фармони олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил ошириб бориш, уларни замонавий талабларга мувофиқ мунтазам қайта тайёрлашнинг янада такомиллаштирилган тизимини жорий қилишга қаратилгани билан алоҳида аҳамиятга эга.
— Ушбу ҳужжатда белгиланганидек, олий таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини қайта тайёрлашни ташкил этиш Таянч олий ўқув юртлари зиммасига юклатилган, — дейди Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи Жонпўлат Худойберганов. — Яна бир жиҳати шундаки, мазкур курсларда машғулотлар сифат жиҳатидан юқори ташкилий ва профессионал даражада ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, педагогларимизга таълим ва инновациялар соҳасидаги илғор халқаро тажрибаларни ўргатиш мақсадида АҚШ, Буюк Британия, Япония, Жанубий Корея, Франция, Бельгия ҳамда бошқа давлатлардан мутахассислар жалб этилаяпти.
Видеоконференция давомида хорижлик экспертлар ҳам юртимиз олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларга ўз муносабатларини билдиришди.
— Мамлакатингизда таълим соҳасига йўналтирилаётган йиллик харажатлар ялпи ички маҳсулотнинг 10-12 фоизини ташкил этар экан, — дейди Европа давлатлари пойтахтлари университетлари уюшмаси (ЮНИКА) бош котиби Крис Дежонкерри. — Очиғи, бундай эътибордан жуда ҳайратда қолдим. Чунки жаҳон тажрибасида бу кўрсаткич ўртача 6-7 фоизга тенг. Яна бир жиҳат шуки, Ўзбекистон давлат бюджетининг қарийб 60 фоизини ижтимоий соҳага йўналтирадиган дунёдаги саноқли мамлакатлар сирасига киради. Ишончим комилки, республикада олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчиларининг касб даражаси ва малакасини муттасил юксалтириб бориш таълим сифати ҳамда самарадорлигини янада оширишда муҳим ўрин тутади.


Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn