Камолот сари
  • 25 Ноябрь 2015

Камолот сари

Истиқлол туфайли бунёдкорлик, ободончилик ишларига кенг йўл очилди. Натижада юртимиз қиёфаси тубдан ўзгариб, халқимиз турмуш фаровонлиги юксалиб бормоқда. Дилдаги шукроналик, эртанги кунга қатъий ишонч ҳисси одамларимизни эзгу ишлар сари руҳлантираётир.

Бунинг амалий самаралари барча соҳада қўлга киритилаётган улкан муваффақиятлар, забт этилаётган марраларда ўз ифодасини топаяпти.
Хусусан, биргина ёш авлод таълим-тарбияси йўлидаги ислоҳотларни олайлик. Мамлакатимизда ўғил-қизларни ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом этиб камолга етказиш, уларни муносиб рағбатлантиришнинг самарали тизими яратилган. Бевосита Президентимиз томонидан эртамиз эгаларига кўрсатилаётган беқиёс эътибор ва ғамхўрлик шаҳару қишлоқларни бирдек қамраб олган. Пировардида ҳар соҳада илғор ҳамда ташаббускор бўлган, Ватан равнақига муносиб ҳисса қўшишга интилаётган келажагимиз ворислари сафи тобора кенгайиб бораётир.
Термиз давлат университети қошидаги 4-академик лицейда ҳам истеъдодлар кўп. Сариосиё туманида жойлашган ушбу таълим муассасасининг 3-босқич ўқувчиси Манзура Сайфиддинова — улардан бири. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 3 мартдаги қарорига мувофиқ, у Зулфия номидаги Давлат мукофотига сазовор бўлди.
— Бундан жуда фахрланамиз, — дейди лицей директори Муҳаммади Ражабов. — Манзура нафақат аълочи, балки ижодкор ўқувчимиз ҳамдир. Бир неча шеърий тўплами чиққан. Қолаверса, ўтган йили “Ораста қизлар” ҳамда “Маҳалланинг энг ораста қизлари” фестивалларининг республика босқичларида муносиб иштирок этиб, махсус сертификат билан тақдирланди. Ҳозир эса у ўз истеъдодини янада юксалтириш йўлида изланишда. Бунда лицейимиз ўқитувчиларининг йўл-йўриқ ва кўрсатмаларидан оқилона фойдаланаяпти. Шунингдек, Манзурага ҳавас қилиб, унинг ортидан эргашаётган ёшларимиз сони тобора ортиб бормоқда. Келгусида улар Ўзбекистонимиз номини янада улуғлашга муносиб улуш қўшишларига ишонамиз.
Таъкидлаш жоизки, мазкур академик лицей ижтимоий-гуманитар фанлар бўйича чуқур билим беришга ихтисослаштирилган. Бу ерда умумтаълим фанлари бўйича 45 та, жисмоний тарбия ва спорт бўйича 4 та тўгарак машғулотлари йўлга қўйилган. “Нафосат” қизлар клуби фаолият юритаётир. Қишки ҳамда ёзги спорт зали, волейбол, баскетбол ва футбол майдонлари — ўғил-қизлар ихтиёрида. Бу эса ўқувчиларнинг ўз билим ҳамда маҳоратларини ошириб боришларида қўл келаяпти.
— Ўзбекистоннинг бахтли фарзандларидан бириман, — дейди Манзура. — Чунки обод ва озод Ватанда туғилдим. Тенгдошларим қатори ҳеч кимдан кам бўлмай камол топаяпман. Билим олишимиз, касб-ҳунар эгаллашимиз учун барча шарт-шароит муҳайё. Ижодий изланишларимиз давлатимиз томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Бу эса биз, навқирон авлод вакилларини янгидан-янги марралар сари руҳлантираяпти. 2015 йил мен учун жуда омадли келди. Зулфия номидаги Давлат мукофотига лойиқ кўрилдим. Бу эътироф мени астойдил ўқиб-изланишга, ишончни оқлашга ундайди.
Ҳақиқатан ҳам, рағбат истеъдодга қанот бағишлайди. Ўзбекистон эса фарзандларига ғамхўр ва меҳрибон мамлакат. Шундай экан, халқимизнинг эртаси янада ёруғ, ёшлари ҳамиша бахтли бўлиши, шубҳасиз.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn