Инновацион тадқиқотлар ва тараққиёт
  • 25 Ноябрь 2015

Инновацион тадқиқотлар ва тараққиёт

Бугунги кунда давлат ва жамият ривожини илм-фан ютуқларисиз тасаввур қилиб бўлмайди. Айниқса, мустақил тараққиёт йўлидан дадил одимлаб бораётган навқирон мамлакатлар учун инновацион ғоя ҳамда ишланмаларнинг аҳамияти беқиёс.

Шу боис юртимизда истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ илмий изланишлар билан шуғулланаётган тадқиқотчилар фаолиятини қўллаб-қувватлашнинг самарали механизми ишлаб чиқилди.
Юксак билим ва салоҳиятга эга олимларнинг янги авлодини шакллантириш тизими яратилди. Бунинг амалий натижалари турли соҳалардаги ўсиш ҳамда юксалиш суръатларида яққол намоён бўлмоқда.
Хусусан, кейинги йилларда Жиззах вилоятида ишга туширилган катта-кичик корхоналарнинг барчаси энг илғор ускуна ва дастгоҳлар билан жиҳозланган. Эътиборлиси, илм-фан ютуқлари асосида яратилган бундай технологияларнинг ишлаб чиқаришга изчил татбиқ этилишида жиззахлик олимларнинг ҳам муносиб улуши бор. Чунончи, вилоят ҳудудий инновация фаолияти ва технологиялар трансфери маркази томонидан амалга оширилаётган ишлар янгидан-янги муваффақиятлар учун асос бўлаётир.
— Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Фан ва технологияларни ривожлантиришни мувофиқлаштириш қўмитаси билан ҳамкорликда “Ёғ-мой саноати иккиламчи чиқиндиларидан фойдаланган ҳолда сурков мойлари олиш технологияси” мавзуидаги 170 миллион сўмлик инновацион лойиҳани якунлаш арафасида турибмиз, — дейди марказ етакчи мутахассиси Азиз ўофуров. — Уни амалга оширишда Жиззах политехника институтининг Транспорт воситаларини ишлатиш кафедраси олимлари фаол иштирок этишаяпти. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон шароитида маҳаллий реагентлар ёрдамида сурков мойларини яратиш ва унинг реалогик хоссаларини ўзгартириш орқали сифатини ошириш ҳамда таннархини камайтиришга қаратилган. Қолаверса, пахта хом ашёси иккиламчи чиқиндисидан автотранспорт воситаларида қўлланиладиган сурков мойларини олиш технологиясини ишлаб чиқиш ҳам асосий мақсадимиздир. Бу борада Жиззах вилояти ҳудудидаги маҳаллий ёғ-мой корхоналари билан хом ашё етказиб бериш юзасидан ҳамкорлик қилиш режалаштирилган.
— Маълумки, зичлаштирувчи мойлар мамлакатимизга, асосан, чет элдан валюта ҳисобига келтирилади, — дейди лойиҳа мувофиқлаштирувчиси Сирожиддин Жиянбоев. — Бизнинг ишланмамиз эса тармоқда Маҳаллийлаштириш дастурининг муваффақиятли амалга оширилишини таъминлаш баробарида, катта миқдордаги валютани тежаб қолишга ҳам хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, жиззахлик олимлар томонидан ниҳоясига етказилаётган ушбу инновацион лойиҳа натижасида ҳозирнинг ўзидаёқ лаборатория шароитида сурков мойларининг 4 тури яратилди. Унинг дастлабки туркуми Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида синовдан муваффақиятли ўтказилди. Изланишлар эса изчил давом эттирилмоқда. Бу борада лойиҳа иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Умумий ва ноорганик кимё институти олимлари,  Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда Жиззах вилоятининг Дўстлик туманидаги “Нурли Дон”, Наманган вилоятининг Учқўрғон туманидаги ёғ-мой корхоналари мутахассислари билан самарали ҳамкорлик қилаётгани ютуқлар омили бўлмоқда. Энг муҳими, янги ишланма келгусида республикамиз саноатининг экологик хавфсиз ва сифатли техник мойларга бўлган талабини қондиришга хизмат қилади.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn