Аждодлар анъанаси давом этмоқда
  • 11 Ноябрь 2015

Аждодлар анъанаси давом этмоқда

Ватанимизнинг ҳар бир ҳудуди қадимий тамаддун манзилларидан бўлганлиги ҳеч кимга сир эмас. Хусусан, Хоразм воҳаси фан, маданият, санъат бешиги, “Авесто” ватани, жаҳоннинг бебаҳо гавҳари сифатида маълум ва машҳурдир.

Бу мўътабар тупроқда юзлаб таниқли алломалар, олимлар, шоиру бахшилар камол топган. Улар ўз ақл-заковати билан нафақат юртимиз, балки бутун дунё илм-фани ривожига улкан ҳисса қўшганлар.
Бинобарин, Хоразм Маъмун академияси ҳам шу ерда ташкил этилган. Манбаларда бундан минг йил олдинроқ илмий фаолият олиб борган бу илм маскани турли соҳалар бўйича 40 дан зиёд алломани, улардан сабоқ олган 360 талабани ўз бағрида жамлагани қайд этилади. Академияда давр нуқтаи назаридан кашфиётга молик илмий тадқиқотлар олиб борилган, ихтиролар яратилган. Ушбу муассаса қисқа муддат фаолият юритган бўлса-да, юксак салоҳияти билан жаҳон илм-маърифатига беқиёс таъсир кўрсатди.
Президентимиз Ислом Каримовнинг 1997 йил 11 ноябрдаги “Хоразм Маъмун академиясини қайтадан ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони асосида инсоният тарихидаги илк илм-фан марказларидан бўлган академиянинг фаолияти қайта йўлга қўйилгани она-заминимизда яшаб ўтган минглаб буюк алломаларимиз, умуман, аждодларимиз хотирасига кўрсатилган юксак эҳтиром рамзидир. Академиянинг 1000 йиллик тўйи халқаро миқёсда кенг нишонлангани ҳам бу борадаги эзгу ишлар сирасига киради. Шу жумладан, қайта ташкил этилган академия мамлакатимиз илмий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, илм-фанда янада юксак чўққиларни эгаллашда муҳим ўрин тутади. Ўзининг 18 йиллик фаолияти мобайнида академия Хоразмнинг тарихи, миллий давлатчилигимиз асослари, вилоятнинг тарихий ва археологик ёдгорликлари, ўзига хос маданиятини ўрганиш, ҳудуддаги экологик ҳолат, ер ва сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги соҳасида иқлим ҳамда тупроқ шароитига мос янги навлар яратиш каби бир қатор  тадқиқот ишларини бажариб келмоқда. Чунончи, устувор илмий йўналишлар бўйича 11 лойиҳа доирасида
40 дан ортиқ илмий ходимлар, жумладан, 4 нафар фан доктори, 20 нафар фан номзоди илмий изланишларини давом эттирмоқдалар. Айни пайтда 10 дан зиёд олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик тўғрисида битим тузилган бўлиб, унга кўра, илм-фан ютуқлари ижтимоий соҳа, айниқса, таълимга кенг татбиқ этилаётир.
Ҳозирги кунда асосий қишлоқ хўжалиги экинларининг шўрга чидамлилигига оид барча маълумот тўпланди. Шу мақсадда 22 нав ғўза, 6 нав соя, кроталярия, мош, 10 хил бамия, 2 нав хашаки нўхат ва топинамбур экилиб, синовдан муваффақиятли ўтди. Вилоят миқёсида нисбатан янги ҳисобланган кузги жавдар етиштириш технологияси яратилишини ҳам тадқиқотларимизнинг ижобий натижаси сифатида қайд этиш мумкин.
Кейинги йилларда Ҳазорасп туманининг Тупроққалъа массивида жойлашган бронза даври манзилгоҳи — Шарофат, антик ва илк ўрта асрлар даврига оид Тошқалъа-2 ёдгорликлари, Уч Ўчоқ тепалиги ва Мешекли қўлтиғида археологик қазиш ишларини олиб бордик. Қадимий кулоллик маркази саналмиш Хумбузтепа ёдгорлигида зардуштийлик дини билан боғлиқ оташгоҳни ўрганишга, зарур маълумотларни тўплашга эришдик. Осориатиқаларимизни асл ҳолича асраш борасида ҳам илмий изланишлар талаб этилади. Шу боис меъморий обидаларнинг пойдеворлари, ер устки қурилмалари ва ёғоч унсурларининг техник ҳолатини аниқлашга эътибор қаратганмиз. Ичан-Қалъа ҳудудидаги меъморий обидаларда геодезик кузатув ишлари якунланди. Шу асосда тарихий ёдгорликларни таъмирлаш бўйича илмий тавсиялар ишлаб чиқиб, амалиётга жорий қилдик. Ушбу усул термитлар хавф солган биноларни зарарсизлантириш мақсадида Хива шаҳридаги тарихий обидалар ва хонадонларда синаб кўрилди. “Термитларга қарши курашда энтомопатоген замбуруғлардан ем-хўрак сифатида фойдаланиш” мавзуида патент олинганлиги эса аждодлардан мерос обидаларни авайлаб асрашда муҳим аҳамиятга эга.   
Айни пайтда Хоразм Маъмун академияси томонидан жаҳоннинг 20 га яқин хорижий илмий марказлари билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатилган. Жумладан, ўтган йиллар мобайнида Ҳамдўстлик давлатлари, Саудия Арабистони, Малайзия, Хитой ва кўпгина мамлакатлардан олимлар делегациялари академияга ташриф буюриб, ҳамкорликда қилинадиган ишлар муҳокама этилди. Академиянинг бир қатор ёш олимлари Ҳиндистонда малака оширишди. Олимларимизнинг илмий лойиҳалари  Малайзия, Хитой, Германия давлатлари илмий марказларига, ЮНЕСКО ташкилоти ва Жаҳон банкига тақдим қилинди.
Мухтасар айтганда, академия илмий жамоаси турли соҳаларда фундаментал, илмий-техник ва инновацион тадқиқотлар олиб бориш билан бирга, Кадрлар тайёрлаш миллий дастурини бажариш, миллий истиқлол ғояси, аждодлардан фахрланиш, ватанпарварлик туйғуларини ёшлар онгига сингдириш, иқтисодиётни барқарорлаштириш, хорижий мамлакатларга Ўзбекистон илм-фани ютуқларини тарғиб қилишда муносиб ҳисса қўшмоқдалар. Илмий изланишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Зеро, бунга юртимизда барча шарт-шароит яратилган.

Шавкат ҚОДИРОВ,
Хоразм Маъмун академияси раиси вазифасини бажарувчи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn